Ўзбекистон Республикаси раислигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази (МОМАММ)га аъзо давлатларнинг Миллий мувофиқлаштирувчилари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси, МОМАММ котибияти вa БМТнинг Наркотиклар вa жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ НЖБ) Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “МОМАММ 2.0: Минтақада хавфсизлик вa барқарор ривожланишни таъминлашда ташкилот салоҳиятини ошириш” мавзусига бағишланганди.
Нуфузли анжуман кенг доирада – ШҲТ, ЕХҲТ, КХШТ, МДҲ давлатлари кенгаши, ЭАГ (Евроосиё Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти), ГСС (Араб ҳамдўстлик кенгаши) каби xaлқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари, АҚШ, Германия, Беларусь, Эрон вa бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этади.

МОМАММ директори ва томонлар Марказий Осиё мамлакатларидаги жорий нарковазият ҳамда ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифларни тақдим этди.
БМТнинг Наркотиклар вa жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши кураш вa ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича халқаро бюроси (ИНЛ), Афғонистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик вa минтақалараро тадқиқотлар институти вакиллари ҳам ўз маърузалари билан чиқиш қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025-2026 йилларга мўлжалланган “Гиёҳвандликка қарши кураш ва наркожиноятчиликнинг олдини олиш бўйича” Миллий дастур тақдимоти ўтказилди.
Йиғилиш якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар вa прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ замонавий таҳдидларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди.

Тор доирада ўтган йиғилишда ММК раҳбарлари вa мутахассислари иштирок этди. Унда МОМАММнинг фаолиятини такомиллаштириш вa унинг институционал салоҳиятини ошириш масалалари, 2026 йил учун Тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) тасдиқлаш, МОМАММ буджетини шакллантириш, шунингдек ташкилот доирасида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича алоҳида таклифлар муҳокама қилинди.
Самарқандда бўлиб ўтган ММК йиғилиши минтақавий гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича асосий мувофиқлаштириш механизми сифатида муҳим қадам бўлди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Марказий Осиёдаги нарковазиятни мониторинг қилиш орқали бир қатор ташвишли тенденциялар аниқланган. Булар орасида гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилиниши ҳажмининг ошиши, янги синтетик моддалар пайдо бўлиши ва уларнинг тарқатиш усуллари янада такомиллашгани қайд этилди.
Сўнгги 5 йил ичидаги расмий статистика нарковазиятнинг ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат контрабанда оқимлари вa синтетик наркотикларнинг кенг тарқалиши билан боғлиқдир.
МОМАММга аъзо давлатларда ушбу давр мобайнида: умумий наркожиноятлар сони 51,8 фоизга, мусодара қилинган наркотик моддалар ҳажми 139,2 фоизга, синтетик наркотиклар мусодараси 63,2 фоизга ортган.
Мазкур маълумотлар трансмиллий наркожиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш вa саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлигини тасдиқлайди.
Ўз мандатига мувофиқ, МОМАММ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши қўшма халқаро операциялар, жумладан, назорат остидаги жўнатмаларни етказиб берилишини ташкил этиш, ўтказиш ва мувофиқлаштиришда кўмаклашиб, трансмиллий наркожиноятчиликка оид маълумотларни тўплаш, сақлаш, ҳимоя қилиш, таҳлил қилиш вa алмашиш фаолияти билан шуғулланади.
2025 йил сентябрь ойидан бошлаб МОМАММга Ўзбекистон Республикаси раислик қила бошлади. Марказ ўз фаолияти давомида 85 дан ориқ наркотикларга қарши операцияларни, жумладан, халқаро назорат остидаги етказиб бериш операцияларини мувофиқлаштирган. Натижада 7,5 тоннадан ортиқ наркотиклар мусодара қилинди. 62 тоннадан зиёд прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. 122 нафар уюшган жиноятчилик гуруҳлари етакчилари қўлга олинди.
Ушбу натижалар МОМАММнинг наркотиклар савдосига қарши курашда муҳим минтақавий мувофиқлаштириш механизми сифатида фаолиятидаги самарадорликни аниқ намоён этади.
Шу билан бирга, синтетик наркотиклар хавфининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, МОМАММ БМТ НЖБ билан ҳамкорликда янги психофаол моддалар пайдо бўлиши тўғрисида минтақавий “эрта огоҳлантириш тизими”ни жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу тизим янги нарко таҳдидларни тезкор аниқлаш вa олдини олиш имконини беради.
Норгул Абдураимова, ЎзА