Наримон Умаровнинг Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 17 февраль куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 17 февраль куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясининг раиси Ў.Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Г.Сатторова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида социал-демократиянинг анъанавий қадриятларига таянган ҳолда аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қиладиган иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, инновацион иқтисодиёт масаласига урғу берилган. Яъни, фақат янги технологияга асосланган иқтисодиётгина давлатимиз қудратини ошириши, ижтимоий соҳанинг тараққий этишига хизмат қилиши қайд этилган. Иқтисодиёт, фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, шунингдек, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниш зарурлиги белгиланган.
Учрашувда Қизилтепа тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш, ташкил этиш бўлими мудири Р.Аслонова, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Вафоев ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда илгари сурилган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.