Намунавий уйларда аҳвол намуналими?
Инсон борки, уй солсам, тўй қилсам деган эзгу ниятда яшайди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган ҳовли-жойлар эса одамларнинг ана шундай орзуларининг амалдаги ижобати десак, янглишмаган бўламиз.
Ўз номи билан намуна бўлаётган бундай ошёнларнинг инсон эҳтиёжи учун барча қулайликларга эгалиги одамларнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бироқ афсуски, ҳамма жойда ҳам шарт-шароитлар бир хил эмаслиги, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
– Ҳовли жойни обод қилиб, яшнатайлик десак сув йўқ, уйларга иситиш мосламалари қўйилгану мана йиллар давомида совуқ хоналарда яшаяпмиз, болаларимизнинг 3-4 километр масофа босиб мактабга бораётганини эса гапирмасак ҳам бўлади, – дейди таҳририятимизга мурожаат йўллаган фуқаролар куйинчаклик билан.
Нишон туманининг Отқудуқ массивидан йўлланган мурожаат ортидан аҳоли билан суҳбатлашиш мақсадида ўша манзилда бўлдик. Туман марказидан анча олисда бўлган ҳудуддаги ушбу массивда 40 га яқин хонадон мавжуд. Одамлар таъкидлаганидек, уйлар қурилаётганда уларга шарт-шароитлар тўғрисида катта-катта ваъдалар берилган. Бироқ мана 5 йилга яқин вақт ўтибдики, ваъдаларни бажарилишидан дарак йўқ.
– 2016 йилдан буён шу ҳудудда яшаб келамиз, – дейди Низомиддин Шойимов. – Намунали уй деган билан ҳеч бир жиҳатдан намунали жойи йўқ. 2016 йилдан бери қурувчилар ҳам, пудратчи ташкилотлар ҳам деярли қарагани йўқ.
Масалан, электрни ҳам ўзимиз харажат қилиб тортиб келдик. Газимиз, сувимиз йўқ. Қиш кунлари электр токи тез-тез ўчади. Иситиш қийин. Шунинг учун уйларни кредитга олган фуқароларнинг кўпчилиги ноиложликдан қиш кунлари ижара асосида туман марказидаги кўп қаватли уйларга чиқиб кетади.
Ҳам ижара пулини, ҳам кредитни тўлаймиз. Ноилож фарзандлар учун шундай қилишга мажбурмиз. Кечқурун киракашлик қиламиз. Нишон туман ҳокимидан умуман кўнглимиз тўлмади. 18 марта шу ҳудудга келди. Фақат ваъда бериб кетади холос. Икки йил олдин газ тортиб келамиз, сув олиб келиб берамиз деганди. Лекин ҳеч бирини ижроси таъминланмади. Хуллас яшаш учун курашиб ётибмиз.
Ташкилотчиларга ҳам айтяпмиз. Бизга газни рухсатини олиб беринглар, ўзимиз харажат қилиб тортиб оламиз десак, келади, ўрганади, «сизларга мумкин эмас экан» дейди. Мумкин бўлмаса, бу уйларни шунчаки ток билан иситиб бўлмайдида. Бошида шунақа шарт қўйганда бу уйларни ҳеч ким олмасди.
Гази, свети, суви бўлмайди деганда мен ҳам олмасдим бу уйни. Бизга дастлаб ушбу массивда 200 та коттеж қурилади деганди. Бу биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилда қурилган эди. Ўша йилларда 37 та биринчи блоги қурилди. Тамом шу билан иш тўхтади.
– Айтиладиган муаммолар жуда кўп, – дейди Азиза Усмонова. – Қишда уйларимиз совуқ. Газ йўқ. Свет ҳам қишда кўп ўчади. Ичимлик сувини 100 минг сўмдан сотиб оламиз. Олган ойлигимизнинг катта қисми уйнинг кредитини тўлашга кетади.
[gallery-4911]
Ҳудудимиз учта заводнинг ўртасида жойлашган. Шу боис экология яхшимас. Ҳавони тозалаш учун ўзимиз дарахт кўчатлари экмоқчи бўламиз, лекин бунинг учун оқова сув керак. Бу ерда у ҳам йўқ. Хуллас инсон қадри тобора улуғланаётган бир пайтда мана шундай оғир шароитда яшаяпмиз.
Фуқароларнинг таъкидлашича, мавжуд муаммолардан мутасаддилар яхшигина хабардор. Ҳатто бир неча бор улар муаммоларни ўрганиш мақсадида ҳудудда бўлган. Мурожаатни ўрганарканмиз, массивнинг шундоқ ёнидаги темир йўл линиясига эътибор қаратдик.
Атрофи тўсиқлар билан ҳимояланмаган. Қолаверса, катта йўл ёқасида жойлашгани учун ота-оналар болаларининг эмин-эркин йўлдан ўтиб олишларини ҳам хавотир билан кузатишга мажбур.
– Айниқса болаларимиз учун ҳеч қандай шароит йўқ, – дейди Сайёра Раҳмонова. – Биз ҳам фарзандларимизнинг билимли бўлишини истаймиз. Фарзандларимиз 2-3 километр босиб Нуристон шаҳарчасидаги мактабга қатнайди. Уларга йўл кира беришимиз керак. Энг ёмони уларнинг қатнаши жуда хавфли. Машиналар ҳам катта тезликда ўтади.
Массивнинг тўғрисида тезликни чеклаш тўғрисидаги йўл белгисини ўрнатиб бериш бўйича ҳам бир неча бор мурожаат қилдик. Лекин натижа йўқ. Ҳатто бекат ҳам йўқ, машина кутишга. Массивнинг ёнидан поезд йўли ҳам ўтган. Ўтган йили қишда бир қизалоқни поезд уриб кетиб, вафот этди.
Далани кесиб ўтса қишда лой, ёзда чанг, хуллас улар мактабдан келгунча юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз. Биз ҳам инсонмиз барча қатори яшагимиз келади, қуп-қуруқ чўлни ўртасида бир тўпгина бўлиб ажралиб қолганмиз. На болалар майдончаси, на мактаб, на боғча бор. Кечаси кўчага чиққани қўрқасиз. Тўрт томон даштлик.
Муаммолар хусусида мутасаддилардан изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимлигида бўлдик.
– Ҳақиқатдан ҳам Отқудуқ массивида 2015 йилда лойиҳа асосида 30 та коттеж қурилган бўлса, 2016 йилда 7 та коттеж қурилган, – дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Исматилла Мейлиев.
– Ҳақиқатдан ҳам уйлар намунавий лойиҳалар асосида қурилган бўлсада, табиий газ йўқ, ичимлик сув ҳовузларда ташиб ичилади. Ҳозирда фуқаролар ирригация сувини сўраяпти. Бир нечта лойиҳа бўйича таклифларни бериб кўрдик. Қувур орқали тортиб келиш катта маблағ талаб қилгани боис ҳудудни ўзидан ер ости қудуғи қуриб бериш бўйича лойиҳаларни қиляпмиз.
Ҳозирда экин текин учун ярайдиган сув қанча пастликда борлигини аниқлаш бўйича ишлар кетяпти. Насиб бўлса, қудуқлар кейинги йилнинг баҳор ойларига қуриб берилади. Қолган масалалар бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилган.
Тегишли хулосалар берилган. Эндиликда массивнинг атрофидаги ерлар аукцион асосида сотиляпти. Шу ишлар ривожланиб, массив атрофида янги хонадонлар ҳовли-жойлар қуриб кўчиб борса, яъни массив кенгайса, мактаб, боғча каби иншоотлар ўша ҳудуднинг ўзида ҳам қурилади.
Очиғи мутасаддининг бу изоҳига ишонишга ҳаракат қилдик. Аммо аҳоли лойиҳалар ҳақида эшитишдан эмас, амалий ҳаракатлардан умидвор. Зеро, улар таъкидлаганидек, намунавий уйларда намунадагидек яшашни исташади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА