Намойиш, келишув ва ҳамкорлик
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида «Uzbekistan Industrial exhibitions-2022» халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
“International Expo Group” кўргазма компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси каби бир қатор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган тадбирда 14 давлатдан 100 га яқин компания иштирок этмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур намойиш бир неча йўналишдаги халқаро кўргазмаларни қамраб олган бўлиб, ушбу майдон иштирокчилар учун қулай имконият яратади. Ўз навбатида, бу каби тадбирлар юртимиз савдо-иқтисодий ва саноат салоҳиятини оширишда қулай инвестиция муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-6486]
Иштирокчилар ушбу кўргазма майдонларида металлга ишлов бериш ускуналари, бутловчи қисмлар ҳамда машина асбоблари қурилиши ва пайвандлаш хизматлари, йўл-қурилиш махсус техникаларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, автосаноат намойиши билан танишишга муваффақ бўлмоқда. Бир қатор корхоналар кенг ассортиментдаги асбоб-ускуналар ва хавфсизликнинг янги ёндашувлари, саноат объектларида хавфсизликни таъминлаш учун техник воситалар, огоҳлантириш тизимлари, комплекс хавфсизликни таъминлаш учун ускуналар, индивидуал ҳимоя воситалари, аудио ва видео кузатувлар, шунингдек, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ўзгаришлар улар эътиборидан четда қолмаяпти.
Айниқса, кимё ва пластмасса саноатида фаолият юритаётган халқаро ва маҳаллий компаниялар ўрин олган павильон ташриф буюрувчилар билан янада гавжум.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА