Наманганнинг ташриф қоғози — Гуллар фестивалига қизғин тайёргарлик
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг анъанавий ташриф қоғозига айланган Халқаро Гуллар фестивалига тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда. Юбилей — 65-бор ташкил этилаётган мазкур фестиваль бу йил ҳар қачонгидан ҳам кенг кўламли безаклар ва янгича ландшафт ечимлари билан ўтиши кутилмоқда.
Айниқса, Янги Наманган тумани фестиваль тайёргарлигида асосий ҳудудлардан бири сифатида алоҳида эътибор марказида. Бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳудуднинг замонавий ва жозибадор қиёфаси шакллантирилмоқда.
Хусусан, Ислом Каримов кўчаси бўйлаб гулзорлар барпо этиш, йўл ёқаларини ранг-баранг композициялар билан безатиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса нафақат эстетик кўринишни яхшилайди, балки фестиваль меҳмонларига унутилмас таассурот бағишлайди.
“Наманган сув таъминоти” АЖ томонидан ҳам барча шаҳар ва туман бўлимлари ҳамда сув иншоотлари ҳудудларида ободонлаштириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Гул кўчатлари экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва уларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бошқарма ва идоралар атрофида ҳам гул экиш ишлари кенгайтирилиб, ташқи қиёфа янада чиройли кўринишга келтирилмоқда. Экилган кўчатларни суғориш ва доимий парваришлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда тумандаги яшил ҳудудлар, жамоат жойлари ва инфратузилма объектларида ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Бу эса фестиваль кунларида Наманганнинг янада файзли ва гўзал қиёфада намоён бўлишини таъминлайди.
[gallery-28456]
Шунингдек, шаҳардаги канал ва сой қирғоқлари обод этилгани, хиёбон ва аллеялар барпо этилгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Абу Райҳон Беруний номидаги маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Шимолий Фарғона магистрал канали қирғоқларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.
Бугун ушбу манзиллардаги умумий ҳолат кўздан кечирилиб, ўрнатилган тунги ёритиш тизимлари, ўриндиқлар ва яшил майдонлар ҳолати ўрганилди. Дарахтлар ва гулзорларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА