Наманганлик хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Шодиёна” тантаналар мажмуасида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, секторлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов нафосат соҳибалари – хотин-қизлар ва муҳтарама онахонларни байрам билан қутлади.
Вилоят раҳбари мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи, ролини янада ошириш, турмуш шароитини бундан-да яхшилашга қаратилаётган катта эътибор, амалга оширилаётган хайрли ишлар хусусида сўз юритди. Хусусан, шаҳар ва туманларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталди.
[gallery-10849]
Вилоятда мавжуд 2 миллион 900 мингдан зиёд аҳолининг 1 миллион 442 минг нафари (49,2 фоиз)ни хотин-қизлар ташкил этади. Вилоят равнақида уларнинг беқиёс хизматлари борлиги алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокими жорий йил “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган 16 нафар хотин-қизни самимий муборакбод этиб, уларга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади. Улар сафи янада кенгайишига тилак билдирди.
Маданият ходимлари ва таниқли санъаткорларнинг чиқишлари барчага байрам кайфиятини бахш этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА