Наманганлик пиллакорлар зафар маррасида
Президентимизнинг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган яна бир эътибор бўлди десак, муболаға қилмаймиз.
Юқори сифатли ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш рағбатлантирилиб, ипакчилик тармоғи корхоналарининг барқарор фаолият юритиши ҳамда уларнинг комплекс ривожланиши таъминланмоқда. Наманган вилоятида асосан жорий мавсумда жами 37 минг 174 қути ипак қурти парваришланиб, 32 минг 530 нафар қурт боқувчига ўртача 1,1 қутида 20 граммдан тарқатилди. Яхши ниятлар ила бошланган амалий саъй-ҳаракатлар июнь ойида ўз самарасини кўрсатди.

Ҳар қутисидан ўртача 58,1 килограммдан жами 2 минг 161 тоннадан зиёд ҳосил тарозига тушди.
– Ипак қурти боқишни “Тут баргидир емиши, гулдан тоза турмуши”, дея таърифлашади. Озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 9,5 миллион туп тут кўчати экиш белгиланиб, режа 100,8 фоизга бажарилди, – дейди Наманган вилояти қоракўлчилик ва пиллачилик ҳудудий бошқармаси бошлиғи, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони соҳиби Раҳбархон Явминова. – Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 5 минг гектар майдонда янги тутзорлар ташкил этиш учун ер майдонларни ажратиш ва пиллачилик кластерлар сонини кўпайтириш белгиланиб, туманларда тутзорлар хатловдан ўтказилди.

Дарвоқе, вилоят хирмонига Норин, Тўрақўрғон, Поп, Мингбулоқ ва Учқўрғон туманлари пиллакорлари баракали ҳисса қўшди. Хусусан, Тўрақўрғондаги “Фозилбек Абдулҳодиев”, “Шоҳсултон диёри”, “Шаҳанд барака замин”, Нориндаги “Ҳамзахўжа ота ўғли Мадаминхўжа”, “Арслоновлар” фермер хўжаликлари шартномавий режани 115-120 фоизга оширди. Қувонарлиси, илғор пиллакорларимиз ҳар қути ипак қурти ҳисобига режадаги 58 килограмм ўрнига 75-80 килограммгача ҳосил етиштиришга эришди.
Соҳада эришилган юқори натижалар замирида асосан моддий манфаатдорликнинг ортгани мужассам. Аввало, “кумуш толачи”ларга қатор имтиёз ва қулайликлар, бисёр рағбатлар берилди. Меҳнат маҳсулига тарозини устида ҳисоб-китоб ва тўлов қилингани, мавсумдаги иш вақтини стажга қўшилгани ҳамда субсидия берилгани албатта, меҳнаткашларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат, шижоатига-шижоат қўшди.

Сингапурнинг Наманган шаҳридаги “Verigrоw ipagi” хорижий корхонаси омбори ҳам хомашёга тўлди. Цехларда қайта ишлаш жараёнлари давом этмоқда. Корхонада янги мавсумда 2023 йилдан бошлаб 600 киши меҳнат қилмоқда. Туманлар бўйича пилла етиштиришда мавсумий ишчи-ходимлар 10 минг нафарни ташкил қилади. Мингбулоқ, Косонсой, Чуст ва Уйчи туманларида корхонага қарашли пиллачилик кластерлари тузилган. Бугунги кунда улар улкан режалар асосида меҳнат қилиб юртимиз пилла саноати ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА