Наманганга медиатур (+видео)
Фарғона водийси аҳолисининг медиамакони бир. Яъни уч вилоят теледастурлари, радиоэшиттиришларидан уларнинг барчаси баҳраманд. Шунинг учун журналистлари, ижод аҳли ютуқ ва муаммоларини ҳам баҳам кўришади.
Бугуннинг етакчи мавзуларидан бири шубҳасиз Намангандаги гуллар байрами эди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан мустақилликнинг 33 йиллиги олдидан бир гуруҳ меҳнат фахрийси ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари байрам тантаналарида иштирок этдилар. Бобур боғидаги гулдан яратилган мўъжизавий манзаралар билан танишдилар. Дарҳақиқат, энди Наманган тадбиркорлик билан бирга гулчиликда ҳам довруғ қозонди. Миллионлаб юртдошларимиз ва дунёнинг элликдан зиёд мамлакатларидан келган сайёҳлар бу гўзалликдан баҳраманд бўлдилар.

“Ҳамма нарса инсон учун” шиори остида бунёд этилган Афсоналар водийсида бўлганмисиз? Гул ва меъморий топилмалар уйғунликда шундай манзара яратилганки, дарҳақиқат сиз ўзингизни ўзга оламда хис қиласиз. Одамлар, айниқса ёшлар дилдан қувнаб яйрайдилар, бу ерда.

–Афсоналар водийси ҳақиқатан ҳам ёшлар маънавий дунёси, жисмоний камол топиши учун катта омил бўлиб хизмат қилиши, Ўзбекистон ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиши, ҳақиқий ватанпарварлар тайёрлаш ишига ҳисса қўшишига ишонаман, – дейди “Бешариқ тонги” газетаси бош муҳаррири Собиржон Темиров.

Фарғоналик журналистлар водийдаги энг йирик телерадиокомпанияда ҳам бўлдилар. У ҳам гўё “ахборот шаҳарчаси”дек. Ўртадан катта сой оқиб ўтади. Бир ёнда радио уйи, иккинчи томонда эса телемарказ. Мухбир, тасвирчи, монтажчи, режиссёр.... борингки, барча мутахассисларга энг қулай шароитлар яратилган. Кўрсатувлар тайёрлаш учун тўртта студия бор. Шундан биттаси 450 квадрат метр майдонга эга мегастудиядир. Бунақаси бирон вилоятда ҳалигача қурилмаган.

–Авваллари шароит оғир эди. Фақат битта бино бўларди. У ҳам бўлса радиога мослаштирилган бинода биз эфирга чиқар эдик, – дейди Наманган вилоят ТРК директори ўринбосари Икромхон Содиқов. –Ҳозирги кунга келиб телемарказ учун янги бино қурилди. Ҳамма имкониятлар бор. 18 соат телекўрсатув ва 18 соат радиоэшиттиришлар узатилади бир кунда.
Мамлакат миллий телерадиокомпанияси ва вилоят ҳокимлигининг яқин ҳамкорлиги туфайли журналистларга мана шундай шароитлар яратилди. Энди фақат ранг-баранг, холис ва тезкор ахборотлар тайёрлаб тарқатиш лозим.
Наманганнинг гулларга бурканган боғларига оқшом чўкди. Бу қадар гўзаликка ошуфта бўлмоқчимисиз? Унда Наманганга, ҳали ҳам давом этаётган гуллар байрамига келинг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/5LpUv7tWvIY?si=GVsgsKpFgVnmJISV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА