Наманганда ёзги оромгоҳлар мавсумга шайми?
Таътил – 2021
Жорий ўқув йили якунига етиб, мактаб ўқувчилари ёзги таътил кунларини бошлади. Наманган вилояти “Баркамол авлод” болалар мактабида Халқ таълими вазирлигининг жорий йил 26 апрелдаги “2021 йилнинг ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш, мавсумни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига кўра, шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда фаолият юритадиган педагог-ходимлар малакасини оширишга қаратилган вилоят ўқув семинари ташкил этилди.

Унда вилоят халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Баркамол авлод" болалар мактаби, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари мутасаддилари иштирок этди. Мазкур семинарда ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйишда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг мазмуни асосида ёшлар маънавиятини юксалтириш, оромгоҳ ва соғломлаштириш масканлари ишларини режалаштириш, иш ҳужжатларини юритиш тартибига оид маърузалар тингланди.

– Жорий йилдаги ўқувчиларнинг таътил кунларини мазмунли ва унумли ташкил этишга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайрулло Абдураҳмонов.
– Мавсумни юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида шаҳар ташқарисидаги 8 та оромгоҳда тўрт навбатда 5 минг 400, таълим муассасаларида очилиши кутилаётган 60 та соғломлаштириш майдончасида 60 минг, ҳаммаси бўлиб 11 минг 400 бола дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаради. Мавжуд ёзги оромгоҳларнинг ҳар бири 3 минг донадан китоб фондига эга бўлган зиё хоналарига тажрибали кутубхоначилар бириктирилган. Стационар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида тўртта йўналишда 32 та, тил йўналишида (инглиз ва рус) 16 та тўгарак ташкил этилиши режалаштирилган.
Оромгоҳларда тозалик гигиенаси ва техник хавфсизлик ишларига жиддий аҳамият қаратиш, тўгарак раҳбарларининг вазифалари ва улар ишини ташкил этиш, машғулотларни ўтказиш тартиби борасида тушунчалар берилиб, шўъбаларга бўлинган ҳолда соҳа ходимлари томонидан тренинглар олиб борилди. Якунда соғломлаштириш оромгоҳларига бириктирилган 128 нафар директор ва педагог-ходимга сертификатлар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА