Наманганда йирик корхона қурилади
Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган йирик тўқимачилик комплексини ташкил этиш режалаштирилди.
Республика акциядорлик тижорат “Алоқа” банки ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Хитой Халқ Республикасининг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан ҳисобланган “Comoda Garments Limited” компанияси раҳбари Стивен Занг бошчилигидаги делегация Наманганга таклиф этилди.

Хорижий инвесторларга “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг инфратузилмаси, мавжуд солиқ ва божхона имтиёзлари, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди. Мулоқотлар давомида, ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида янги тўқимачилик мажмуаси қурилиши, минглаб иш ўринлари яратилиши, маҳсулотларнинг дунё бозорларига етказилиши, асосийси халқаро миқёсда тан олинадиган бренд айнан Наманганда шакллантирилиши борасида келишувга эришилди.

Лойиҳа якунига етказилгач, у нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик тўқимачилик компанияларидан бирига айланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.