Наманганда янги корхона ишга тушди
Ўтаётган ҳар бир кун бизни мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги шодиёнасига яқинлаштирмоқда. Қутлуғ байрамлар Наманган вилоятида инфратузилма ва иқтисодий, ижтимоий объектларни ишга тушириш хайрли анъанага айланган. Хусусан, энг улуғ, энг азиз айём арафасида янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, ҳудуднинг саноат салоҳияти янада юксалмоқда.
Давлатобод туманидаги “Кушон” кичик саноат зонасида “NDM-business” масъулияти чекланган жамияти томонидан канализация тизимларида фойдаланиладиган замонавий фитинглар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона фаолияти йўлга қўйилди.

Тақдимот маросимида қатнашган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Янги Ўзбекистон тараққиёти ва элимиз фаровонлигини таъминлашда бу каби янги ишлаб чиқариш лойиҳаларининг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Ушбу инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, айни пайтда лойиҳанинг 2 миллион долларлик қисми ишга туширилган. Қолган 2 миллион долларлик инвестицияни ўзлаштириш ва корхонани тўлиқ қувватда ишга тушириш 2028 йилгача режалаштирилган.

Корхонада полимер материаллардан канализация тизимларида фойдаланиладиган турли хил маҳсулотлар – отводлар, тройниклар, муфталар, переходниклар, крестовиналар, редукциялар ва бошқа турдаги фитинглар ишлаб чиқарилади.
Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 700 тоннага тенг бўладиган жамиятда қувватларни босқичма-босқич ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ҳамда янги бозорларни ўзлаштириш имкониятлари мавжуд. Корхона фаолияти натижасида 40 та янги доимий иш ўрни ташкил этилди. Йиллик товар айланмаси эса 15 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Қувонарлиси, мазкур ишлаб чиқариш корхонаси ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қурилиш-коммунал инфратузилмаси учун зарур бўлган маҳсулотларни ўзимизда тайёрлаш имконини беради.

Мустақиллик байрами муносабати билан фойдаланишга топширилаётган бундай корхоналар юртимизда хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги юксак ғамхўрликлар, инвестициявий муҳитнинг тобора яхшиланиб бораётгани ва ҳудудларда саноатни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.