Наманганда халқаро очиқ кубок
Ёш авлодни ватанпарвалик руҳида камол топтириш, оммавий касб ходимларини тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшаётган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ўзининг ўттиз тўрт йиллигини нишонлайди.
Шу муносабат билан Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги замонавий картодромида картинг пойгаси бўйича вилоят ҳокими кубоги учун очиқ халқаро мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Россия федерацияси, Тожикистон ва Қирғиз Республикасидан келган 80 га яқин спортчилар иштирок этди.


Турнир қатнашчилари “Микро”, “Мини”, “Супермини”, “Ок-жуниор”, “Патриот”, “КФ”, “КЗ” синфлари ва республика миқёсида илк маротаба янги “Т-4 патриот” ўсмирлар синфи бўйича ғолиблик учун куч синашди.


Якуний натижаларга кўра, Наманган вилояти техник ва амалий спорт турлари маркази ғолиблкни қўлга киритди. Фахрли иккинчи ўринга ушбу вилоятнинг Тўрақўрғон тумани ўқув-спорт техника клуби жамоаси муносиб, деб топилди. Мезбонларнинг яна бир жамоаси – Наманган тумани ўқув-спорт техника клуби учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев ғолиб ва совриндор жамоалар ва спортчиларга диплом, медаллар ва ҳоким кубогини тақдим этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.