Наманганда халқаро лойиҳа иш бошлади
2020 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро тараққиёт уюшмаси, Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Натижаларга асосланган ёндашувлар учун глобал ҳамкорлик ташкилоти иштирокидаги “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Умумий қиймати 100,57 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳа 2020-2024 йилларда болаларнинг эрта ёшдан таълим олиш имкониятларини оширишга мўлжалланган. Айни пайтда давлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим муҳитини яхшилашга ва таълим сифатини тизимли баҳолаб боришга қаратилган.
Мазкур лойиҳа тренинглари болаларнинг ёши ва якка тартибдаги хусусиятларидан келиб чиқиб, “Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимида болага йўналтирилган таълим ёндашувини жорий этиш” мавзусига бағишланади.
Ортирилган малакалар болаларнинг шахсиятига йўналтирилган турли ёндашувларни тарбиячилар томонидан амалий фаолиятда қўлланилиши бўйича педагогларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади. Муҳими, мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифатини яхшилайди. Бу эса, болаларни мактаб ҳаётига тўсиқларсиз ўтиши ва мослашишига кўмаклашади.

Ҳозирга қадар Самарқанд, Хоразм каби қатор вилоятларда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа доирасида Наманган шаҳрида ҳам тўрт кунлик семинар-тренинг ўтказилиб, унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаларининг услубчилари, ўқитувчилар, тизим мутахассислари иштирок этди.
Жаҳон банкининг халқаро консультанти Зулфия Вейсова томонидан олиб борилган тренингда Мактабгача таълим вазирлиги масъуллари – Лола Юсупова, лойиҳа консультанти Дамира Тўхтасинова, Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова лойиҳанинг мақсад-вазифаларига эътибор қаратди.
Қайд этиш лозимки, тренингларда педагогларга бир-биридан ўрганиш имкониятини берувчи коллегиал таълим элементи қўлланилмоқда. Бу миллий мутахассисларни тайёрлашда дастлабки босқич ҳисобланади. Кейинги босқичда эса, келажакда мактабгача таълим ташкилотлари услубчилари ва тарбиячиларига каскад усули ёрдамида бевосита жойларда тренинг ўтказадиган мураббийлик маҳорати ўргатилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА