Наманганда тест синовлари 4 та ўйингоҳда ўтказилади
Тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб, кунига 2 марта (биринчи смена 08:00да, иккинчи смена 17:00 да), ҳаво салқин пайтда ўтказилади.
Наманган вилоятида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши учун тест синовлари 4 та ҳудуд – “Баркамол авлод”, “Динамо”, “Навбаҳор-Умид”, “Ёшлик” спорт иншоотлари ўйингоҳларида бўлиб ўтади.
Айни кунларда маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идоралар томонидан тест синовлари ўтказиладиган майдонларни стол-стул, мебель, электрон табло каби зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, жойларга видеокузатув қурилмалари (ҳар бир гуруҳ учун биттадан), шахсни идентификация қилиш қурилмалари, металлорамаларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу тайёргарлик ишлари 29 августга қадар якунланиши режалаштирилган.
– Наманган муҳандислик-технология институти абитуриентлари “Навбаҳор-Умид” ўйингоҳида тест синовларини топшириши кутилмоқда, – дейди ушбу институт ўқитувчиси Элмурод Алиев. – Тест синовлари учун тайёрланган объектлар секторларида бир сменада 36 та гуруҳ, 1080 нафар абитуриент иштирок этиши мўлжалланмоқда.
Тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб, кунига 2 марта (биринчи смена 08:00да, иккинчи смена 17:00 да), ҳаво салқин пайтда ўтказилади.