Наманганда "Оқ олтин" мавсуми бошланди
Пахтадан олинадиган даромад муҳим ҳисобланади. Шу боисдан ҳам пахта йиғим-теримга ҳар сафар пухта тайёрлик кўриш, мавсумни масъулият билан ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Наманган вилоятида яхши ниятлар билан пахта теримига киришилди. Жорий йил вилоят бўйича 1 минг 193 та фермер хўжалигининг 63 минг 406 гектар майдонларида ҳар гектардан 37,2 центнердан, жами 235 минг 624 тонна пахта хом ашёси териб олиш режалаштирилган. Олтита кластер ҳосил қабул қилишга шай ҳолатда.


Тўрақўрғон туманидаги "Аҳмаджонов Абдуллажон" фермер хўжалигида жорий йил ҳосилини тез ва уюшқоқлик билан йиғиштириб олишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, туманлар ҳокимлари ва уларнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар иштирок этди.


Бу йил Тўрақўрғонда 4 минг 269 гектар майдонда пахта етиштирилган. Эрта баҳордан қилинган меҳнат маҳсули чаққон қўлларга маҳтал бўлиб турибди. Пахтанинг давлат харид нархи ошгани деҳқонларни ҳам теримчиларни ҳам руҳлантириб, шижоат билан меҳнат қилишга чорламоқда.
Семинарда улуғ тилаклар билан жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокими раҳбарлигида пахтазорга кирилиб, нуронийлар ҳамроҳлигида терим бошлаб берилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА