Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, айниқса, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган шаҳрида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашига қарашли ўқув-спорт техника клуби ҳузуридаги ўқ отиш мажмуасида бўлиб ўтган пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳам айни шу хайрли мақсадга қаратилди.


Қизғин, муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган мусобақаларда Наманган, Андижон, Фарғона Тошкент, Хоразм, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларидан келган саккизта жамоа таркибида 80 нафар спортчи “ВП-6”, “ПП-3” машқлари, яъни ўғил ва қиз болалар ўртасида ҳаво милтиғи ҳамда ҳаво тўппончасидан ўқ отиш бўйича ғолиблик учун беллашди.

Мусобақанинг дастлабки кунида ўғил болалар ўртасида ҳаво тўппончасидан ўқ отиш бўйича баҳслар олиб борилди. Унда Наманган вилояти вакили Рафет Керимов зафар нашидасини сурди. Тошкент вилояти вакиллари Ҳожиакбар Каримжонов ва Фазлиддин Фарҳодов мос равишда иккинчи, учинчи ўринларни эгаллади.

Қизлар ўртасида ҳаво тўппончасидан ўқ отиш бўйича (“ПП-3” машқида) фарғоналик Вераника Меркулова энг юқори натижани кўрсатди. Унинг жамоадоши Нодирабегим Орифжонова иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, наманганлик Ирина Тарасова учинчи поғонадан жой олди. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш (“ВП-6” машқи) борасида андижонлик Амалия Йўлдошева ғолибликни қўлга киритди. Тошкентлик Нозима Ҳусанбоева ва фарғоналик Сабина Толибжонова иккинчи, учинчи ўринларни эгаллади.

Ўсмирлар ўртасида ҳаво милтиғидан ўқ отиш(“ВП-6” машқи)да наманганлик Ильнур Холмирзаев фахрли биринчи ўринни банд этди. Ғолибнинг жамоадоши Эъзозбек Раҳимжонов иккинчи, Тошкент вилояти аъзоси Жамол Саъдуллаев учинчи ўринларга муносиб кўрилди.


Мамлакат чемпионатининг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти жамоаси ғолиб сифатида эътироф этилди. Наманган вилояти жамоаси фахрли иккинчи ўрин билан тақдирланди. Фарғона вилояти жамоаси эса кучли учликни якунлаб берди.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга “Ватанпарвар” ташкилотининг диплом, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА