Наманганда кўпчиликка шов-шув бўлган "операция" муваффақиятли чиқди
Шифокорлар беморнинг ошқозонидан трихобезоар, яъни жун, кигиз толалари, резина ва бошқа ёт жисмлардан ҳосил бўлган йирик массани олиб ташлади.
Наманганда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида эндигина тўққиз ёшга тўлган болада учраган камёб патологик ҳолат бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Шифокорлар беморнинг ошқозонидан трихобезоар, яъни жун, кигиз толалари, резина ва бошқа ёт жисмлардан ҳосил бўлган йирик массани олиб ташлади.
Мингбулоқ туманидан келтирилган бемор узоқ вақт давомида қорин оғриғи, ҳолсизлик ва овқат ейишда қийналишдан азият чеккан. Эндоскопик текширув натижасида ошқозонда катта ҳажмдаги ёт жисм аниқлангач, зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказишга қарор қилинган.
Амалиётга марказнинг болалар хирургияси бўлими мудири, олий тоифали врач-хирург Абдумажид Шукуров раҳбарлик қилди. Жарроҳлар ошқозон деворига зич ёпишиб қолган трихобезоарни эҳтиёткорлик билан ажратиб, тўлиқ олиб ташлашга муяссар бўлди.

Шифокорлар фикрича, бундай ҳолатлар айрим болаларда камқонлик ёки ёт жисмларни истеъмол қилиш одати билан боғлиқ бўлиши мумкин. Текширувлар давомида ушбу бемор ҳам узоқ вақт ота-онасидан яширинча кигиз, жун ва бошқа буюмларни истеъмол қилиб келгани аниқланган. Ҳозирда боланинг аҳволи барқарор. У шифокорлар назорати остида даволанишни давом эттирмоқда.
Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари Ҳошимжон Саидқуловнинг қайд этишича, жарроҳларнинг амалиёт хоналари замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Тўғри ва тугал ташхис қўйиш учун эндоскопия аппаратидан ҳам оқилона фойдаланилмоқда. Шу боис марказ шарт-шароитлари пойтахтдагидан асло қолишмайди. Бу, айниқса, кичик беморлар учун юксак ғамхўрлик намунасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА