Наманганда илк бор дронлар шоуси ўтказилди
Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида дронлар шоуси бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Республика Кадастр агентлигининг “Геоинновация маркази” ва вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Наманганда илк маротаба ташкилланган мазкур томошада 500 та дрон иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг июнь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Афсоналар водийси” боғида аҳоли вакиллари ва мутасаддилар билан ўтказилган мулоқотда Марказий Осиёда ягона бўлган ўзига хос тематик боғни “туристик ташриф қоғози”га айлантириш, одамлар кўп тўпланадиган файзли маскан бўлиши лозимлиги хусусида кўрсатмалар берилган эди.
Тадбир аввалида хиёбонга келган мингга яқин меҳмонлар эътиборига таниқли санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги концерт дастури намойиш қилинди. 12 дақиқа давом этган шоуда учувсиз қурилмалар ёрдамида ҳумо қуши, туялар карвони, тарихий обидалар, донишманд кекса каби тимсоллар саккизта шаклда кўриниш берди.
– Университетда таҳсил оламан. Биз, талаба ёшларни ўқишдан кейинги бўш вақтимизни мазмунли ўтказишимизда бу каби кўнгилочар тадбирларнинг ўрни бўлакча, – дейди Мирзаозод Мирзанеъматов. – Наманган жамолига кўрк бағишлаётган боғдаги шоуда намойиш этилган турфа кўринишлар чиндан ҳам ҳайратимизга сабаб бўлди. Қизиқарли тадбир кайфиятимизни кўтарди. Кайфият яхшилиги албатта, ўқишимиз яхшиланишига ҳам олиб келади.
[gallery-1173]
Дронлар шоусини “Афсоналар водийси” боғига тўпланган томошабинлардан ташқари, маҳаллий телевидение орқали тўғридан-тўғри узатилган эфирда минглаб ватандошларимиз кузатиб бориш имкониятига эга бўлди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА