Наманганда форум: Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида Президентимизнинг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Энергетика вазирлиги ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” форуми ташкил этилди.
Фарғона водийсида ўзига хос тарихий аҳамиятга эга бўлган йирик лойиҳа ҳисобланган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 30 декабрдаги “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бунёд этилган.
Лойиҳа қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган ўзига хос энергетик иншоотнинг қурилиши Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) инвестиция маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, шунингдек энергетика тармоғининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Сўнгги беш йилликда амалга оширилган ўзига хос ва аналоги дунёда кам бўлган иссиқлик электрстанциясининг қурилишида - “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” япон компаниялари консорциуми, “Трактабелда” ҳинд компанияси, “Calik Enerji” турк компанияси иштирок этган. Корхонанинг қурилишида жами 2200 дан ортиқ мутахассис ва қурувчилар жалб этилган.
Ушбу янги замонавий иншоотнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши натижасида Фарғона водийси минтақасида жами энергетик қувватлар миқдори 313 МВт дан 1212 МВт га ошди.
Бу билан нафақат, мамлакатимиз, балки Фарғона водийси электроэнергетик хавфсизлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди. Истеъмолчилар эҳтиёжининг барқарор таъминланиши натижасида минтақада, умуман мамлакат миқёсида иқтисодий ўсишга, ижтимоий ривожланишга кўмаклашишига эришилди. Электроэнергия ишлаб чиқариш бўйича замонавий ва самарали технологияларнинг босқичма-босқич жорий қилиниши жадаллаштирилди. Ёқилғи-энергетик захираларидан самарали ва тўғри фойдаланиш даражаси кескин ошди.
Ҳозирги кунда станцияда 1 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 226 грамм шартли ёқилғи сарфланмоқда. Станцияда бир йил давомида 6,7 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқариш учун 1,36 миллиард кубометр газ ёқилғиси сарфланади ва фойдали иш коэффициенти 57,46 фоизни ташкил этади.
Ёшлар форумини айнан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида ташкил этилишидан мақсад ҳам Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу ноёб иншоот билан ёшларимизни яқиндан таништиришдан иборат. Форумда юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган иссиқлик электр станциялари, энергетика корхоналарининг ёш ходимлари, шунингдек, Наманган вилоятининг фаол ёшлари иштирок этди.
Форум тадбирлари вилоятдаги сўлим масканлардан бири – “Шаҳанд” сиҳатгоҳининг яшил хиёбон ҳудудида футбол, стол тенниси ва шахмат бўйича мусобақалар билан бошланди. Ушбу оммавий спорт беллашувларида тизимда меҳнат қилаётган 160 нафардан зиёд ўғил-қиз иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Миллионлар ўйинидаги баҳсларда барча рақибларини мағлубиятга учратган Қашқадарё вилоятининг Талимаржон ИЭС жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-3572]
“Ақл гимнастикаси” сифатида эътироф этиладиган шахмат беллашувларида ўз интеллектуал салоҳиятини тўлақонли намоён эта олган Навоий ИЭС ходими Аслжон Ғаффоровга тенг келадиган рақиб топилмади. Стол тенниси учрашувларида чиройли ўйинлари билан эътиборни тортган Фарғона иссиқлик электр маркази ишчиси Ботирали Ҳакимов фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Иссиқлик электр станцияларида жуда муҳим йўналишлар ҳисобланган ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва персоналга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича беллашувларда ишчи-ходимларнинг бу борадаги билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилди.
Ёш энергетик иштирокчи жамоаларнинг мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси, яъни меҳнат муҳофазаси, иш жараёнида хавфсизлик техникасига риоя этиш қоидалари бўйича билим даражаси ва малакаси тажрибали мутахассислар томонидан баҳолаб борилди. Мазкур беллашувларда Тўрақўрғон ва Навоий ИЭС жамоаларининг чиқишлари юқори баллга муносиб кўрилди.
– Форум мамлакатимизнинг турли вилоятларида фаолият юритувчи ҳамкасбларимизни бир эзгу мақсад йўлида бирлаштирди, – дейди Сирдарё вилоятининг Ширин иссиқлик электр станцияси 2-қозон трубина машинист кузатувчиси Дилноза Муҳаммадиева. – Ўзаро мулоқот ва танловларда бир-биримиз билан ўзаро тажриба алмашяпмиз. Хусусан, ходимлар хизмат жараёнида электр токи таъсирига тушиб қолган фавқулодда вазиятларда уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш борасида зарурий билимларга эга бўлдик. Ўрганганларимизни станцияга борганда, албатта кенг оммалаштирамиз.
Форумда “Нуронийлар тажрибаси – ёшларимиз учун ҳаёт мактаби” мавзуида “Уч авлод” учрашуви ҳам ўтказилди. Унда меҳнат фахрийлари, хусусан энергетика тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган нуронийлар сўнгги йиларда юртимиз, хусусан водий вилоятлари аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, ҳудудда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
– Ёшим 80да, 25 йилдан ортиқ энергетика соҳасида турли вазифаларда ишладим, – дейди Турсунали Абдуқаҳҳоров. – Турли қийинчиликларни бошимиздан кечирган пайтлар бўлган. Яқин-яқингача таъминотдаги узилишлар, график чекловлар сабабли ҳатто уйимизни шамчироқларда ёритган вақтлар ҳам кузатилган. Бу қийинчиликлар, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар натижасида ортда қолди.
Фаол ёшлар рағбатлантирилди. Шунингдек, энергетика тизимида фаолият юритаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий ўқув юртларида таълим олишга шартнома тўловларини амалга ошириш учун 20 нафар ўғил-қизга грант сертификатлари топширилди.
– Энергетика соҳасида 11 йилдан буён ишлаб келяпман, аммо соҳа бўйича олий маълумотга эга эмасдим, – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ишчиси Наргиза Сувонова. – Анчадан бери дилимга тугиб қўйган орзуимга бугун эршдим. Энергетика вазирлиги ва Иссиқлик электр станциялари акциядорлик жамиятининг кўмаги билан Намангандаги олий таълим муассасасида энергетика йўналишида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдим.
Тадбир давомида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА