Наманганда экстремал туризм ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти рельефи, табиати жиҳатидан туризм имкониятларига бой ҳудуд саналади. Сўнгги йилларда вилоятда айниқса, экстремал туризм ривожланиб бормоқда. Денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган «Қамчиқ» довонида ташкил этилган Поп қорсаройи ана шундай туризм масканларидан.
Мазкур дам олиш масканида декабрь, январь, февраль ва ҳаттоки март ойларида ҳам қор эримайди. Бу қорни соғинганлар учун айни муддао. 230 метрли яхмалакда учиш айниқса, жуда завқли. Ҳар куни юзлаб маҳаллий сайёҳлар махсус ҳаво ёстиқчалари ёрдамида сирпаниш завқидан баҳраманд бўлмоқда.
[gallery-10263]
Шунингдек, қорсаройида 430 метр узунликдаги осма дор йўли ҳам ишга тушди. Айни кунларда оилавий дам олувчилар учун кемпинглар қуриш ишлари давом этмоқда.
Сайёҳларни мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун Поп туманига хос бўлган жиҳатларга алоҳида ёндашилмоқда. Масалан, ташриф буюраётган меҳмонлар учун мазали патирларини харид қилиш имконияти яратилган. Таъкидлаш жоиз, келгусида қурилаётган кемпинглар учун қуёш панелларини ўрнатиш бўйича субсидия ажратилади. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан яна 5 гектарли майдонда дам олиш маскани барпо этиш режалаштирилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА