Наманганда “Экобоғ” барпо этишга киришилди
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда салмоқли ишлар амалга оширилиб, атроф-муҳитни яшилликкка буркашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўклам фаслининг фусункор айёми – Наврўзи олам арафасида Наманган давлат университетида "Экобоғ” барпо этилмоқда. Вилоят бўйлаб уюштирилган оммавий ҳашар кунлари “Экобоғ” ҳудудига турли кўчатларни экишда вилоят фаоллари, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Университетнинг Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ даҳасида жойлашган ҳудудида фойдаланиш жараёнида кенглиги жиҳатдан эҳтиёждан зиёд бўлган асфальт йўлакларни ихчамлаштириш, фойдаланишга яроқсиз тошлоқ ерларни ўзлаштириш асосида 1,8 гектар ер майдонида “Экобоғ” бунёд қилинмоқда.

– Ноодатий боғимиз Америка, Европа, Осиё қитъалари ҳудудида ўсадиган 86 ноёб турдаги 986 туп дарахт ва буталарни, шунингдек, 1000 дан ортиқ манзарали гулларни ўз ичига олади, – дейди Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов. – Экобоққа экилган дарахт, бута ва гуллар рақамлаштириш асосида “QR” код билан белгиланган бўлиб, шу код орқали дарахт, бута ёки гулнинг номини, унинг ватани, ўзига хос биологик хусусиятлари ҳамда ким томонидан қачон экилгани ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.
“Экобоғ”нинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бу жойда олий ўқув юртининг биотехнология факультети талабалари учун 17 та фандан тажриба-синов ва очиқ амалий машғулотларни уюштириш учун имконият вужудга келади. Ўз навбатида, таълим сифатини янада ошириш, “Экобоғ”дан манзарали ўсимликларни етиштириш ва парваришлашга оид очиқ тажриба участкаси сифатида фойдаланиш, таълим ташкилотлари – университет инновацион корпоратив ҳамкорлиги асосида мақсадли кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, фуқароларда табиатни асраб-авайлашга оид билим-кўникмаларни янада шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Экобоғ” ҳудудида биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, ўсимликларни биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтиришга ихтисослашган 125 ўринга мўлжалланган олтита ўқув ва илмий-тадқиқот лаборатория хонаси ҳамда ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликлар коллекцияси ҳам ташкил этилади.

Таъкидлаш лозимки, талабалар учун 100 ўринлидан иккита 200 ўринли маърузалар зали, саккизта амалий машғулот учун ўқув аудиторияси, ўндан ортиқ ўқув-ёрдамчи хона ҳамда университетнинг кириш қисмида мурожаатларни тезкорлик билан ижобий ҳал қилиш ва интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида “офис регистратор” ҳам йўлга қўйилади.
Оммавий ҳашар якунида Наманган давлат университетида 400 ўринли “Маънавият ва маданият маркази” биносини бунёд этиш юзасидан ҳам тақдимот ўтказилди. Марказ қурилиши ўтган йили молиявий мустақиллик натижасида 8,5 миллиард сўм даромад топган университетнинг ички маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Мазкур маданият кошонаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида барпо қилинади.
Мазкур марказ ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаш, тўгаракларнинг самарали фаолият юритишига эришиш, талабаларнинг жадидларнинг илмий меросидан хабардорлигини, саънат ва мусиқага бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
[gallery-16328]
Ўзида инновацион ғояларни, қурилишнинг замонавий усулларини мужассам этган марказда санъатнинг бир неча турлари бўйича тўгараклар фаолият олиб боради. “Заковат” интеллектуал ўйинларини ўтказиш учун ҳам махсус студия бўлади. Хуллас, марказда талабалар ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилади.
Эътиборлиси шундаки, турли йўналишлардаги тадбирларни ўтказиш учун Марказни олтита хонага ажратиш имкони юзага келади. Катта концерт ва анжуманлар уюштириш зарурати пайдо бўлганда эса, бир вақтнинг ўзида деворлар четга сурилиб, улар ўрнида трансформацион тарзда 400 ўринли муҳташам зал пайдо бўлади.
<iframe width="928" height="522" src="https://www.youtube.com/embed/EVGMOAi2nNs" title="Namanganda “Ekobogʻ” barpo etishga kirishildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари