Наманганда дарахт экиш акциясига старт берилди
Куз мавсумида мамлакатимизда шаҳару қишлоқлар гўзаллигига кўрк бағишловчи кўчат экиш ишлар бошланди. Хусусан, Наманган шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида, “Афсоналар водийси” боғи олдидаги чорраҳада оммавий дарахт экиш акцияси ўтказилди.
Куз мавсумида мамлакатимизда шаҳару қишлоқлар гўзаллигига кўрк бағишловчи кўчат экиш ишлар бошланди. Хусусан, Наманган шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида, “Афсоналар водийси” боғи олдидаги чорраҳада оммавий дарахт экиш акцияси ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида “Соғлом экология – соғлом авлод” шиори остида ташкилланган эко-тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жамул-жам бўлдилар.
Бундан ўн йиллар аввал маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари томонидан Наманган шаҳридаги дов-дарахтлар кесилиб, вилоят маркази табиатнинг ажойиб манзараларидан деярли мосуво бўлганди. Ўша хатоларни ўнглаш вақти келиб, хайрли саъй-ҳаракатларга қўл ура бошланди.
Қолаверса, Наманган шаҳрини номига мутаносиб тарзда “Гуллар шаҳри”га айлантириш ҳам зарур. Вилоят ва шаҳар фаоллари келаси йилда 60-бор ўтказилиши кўзда тутилган анъанавий Халқаро гуллар фестивалига тадорикка ҳозирданоқ киришмоқдалар.
Тадбирда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида экилиши режалаштирилган дарахтлар кўргазмалари ҳамда Наманган шаҳрининг эко ландшафт лойиҳалари билан танишди.
- Ҳозирга қадар шаҳримизга фақат арча дарахтлари экилган, бироқ улар ҳам соя-салқин бермади. Айнан шунинг учун ҳам кўчаларимизга чиройли, манзарали дарахтларни ўтқазишда ўзимизнинг маҳаллий ўрмон хўжалигида етиштирилган кўчатларни экамиз, - деди вилоят раҳбари.
Қайд этиш жоиз, дарахт экиш акцияси доирасида вилоят бўйича 27 турдаги жами 67 минг 500 дона кўчат ўтқазилади. Улардан 12 турдагиси япроқбаргли, шунча турдагиси бутасимон ва 3 турдагиси игнабаргли кўчатлардир.
Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 10 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шундан 3 миллиард 100 миллион сўми Наманган шаҳридаги кўкаламзорлаштириш ишларига сарфланади.
Дарвоқе, бутун вилоят миқёсида ноябрь ойи давомида ўтказиладиган “Юртимизни яшнатайлик” акцияси доирасида биргина Наманган шаҳрининг ўзида ободонлаштириш бошқармаси томонидан 17 мингдан ортиқ дарахтлар экиш кўзда тутилган.
Наманган вилоятида бошланган ушбу эзгу ташаббуслар энг аввало, экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, дарахтлар сонини кўпайтириш натижасида атмосфера ҳавосини тозалаш, экологик муаммоларни ҳаминқадар бартараф этишга хизмат қилади.