
Тўрақўрғон туманидаги “Дилрабо СДА” кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси Наманган вилоятидаги йирик экспортёр корхоналаридан бири ҳисобланади.


Маъсудахон Содиқова бошчилигидаги мазкур мулкчилик субъектида трикотаж кийимлари ишлаб чиқариш ва улгуржи чакана савдо, экспорт қилиш ишлари амалга оширилади. Мингдан ортиқ ишчилар меҳнат қилаётган корхонада маҳсулотлар Россия Федерациясининг Москва, Новосибирск, Санкт-Петербург ва Самара каби шаҳарларига етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойида экспорт кўрсаткичи 550 миллион долларни ташкил этди.
***
Чортоқ тумани Тинчлик маҳалласида ёшлар учун барпо этилган замонавий стрэт воркаут майдончаси фойдаланишга топширилди.


Мазкур спорт иншооти “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика босқичида муносиб қатнашган маҳалла ёшларидан бири – Ойдина Камолованинг муваффақиятига совға сифатида қуриб берилди. У шахмат-шашка бўйича мусобақанинг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганди.
Янги спорт майдонининг очилиш маросимида иштирок этганлар ушбу маскан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
***
Наманган давлат техника университетида Президент ташаббуси билан эълон қилинган “Долзарб – 90 кун” доирасида “Тўгараклар фестивали” ўтказилди.

Ёзги таътилда олийгоҳда 29 тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. “Дастурчи”, “Компьютер саводхонлиги”, “Ёш механиклар”, “Пазандалик”, “Тўқимачи”, “Либос дизайни” каби тўгараклар ёшлар билан доим гавжум. Шунингдек, университетда ўндан ортиқ спорт секциялари ҳам ишлаб турибди. Ушбу тўгаракларга Янги Наманган ва Давлатобод туманидаги университетга бириктирилган маҳаллалар ёшлари ҳам жалб этилган.

Тўгараклар иштирокчилари ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар ва ижод намуналарини тақдим этди, спорт ва дизайн чиқишлари намойиш этилди. Фестивалнинг энг фаол иштирокчилари муносиб тақдирландилар.
***
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Косонсой туманида аҳоли томорқаларини суғориш тизимини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.

Жумладан, Қуқумбой маҳалласи ҳудудида иккита тик қудуқ қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда барча қудуқларда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган.

Ушбу қудуқларда сув тортиш тизими замонавий технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, 20 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, сув чиқариш ишлари тўлиқ қуёш энергияси ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу эса электр энергиясига бўлган эҳтиёжни камайтиради ва экологик жиҳатдан самарали ечим ҳисобланади.
***


Янгиқўрғонда фаолият юритаётган “Sura General Investment” хорижий корхонаси томонидан 265 гектар ер майдонида гилос, шафтоли, ўрик, олма каби мевалар етиштиради. Айни мавсум давомида 120 нафарга яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаган корхона шу кунга қадар 468 минг АҚШ доллари миқдорида мева маҳсулотлари экспортини амалга оширди.
***
Норин тумани Пастки Чўжа маҳалласи ҳудудида Агробанк филиали ташаббуси билан ташкил қилинган 10 гектар ер майдонда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида агрегатор “Норин Микс савдо” масъулияти чекланган жамият томонидан февраль ойида плёнка остига картошка экилган эди.

Деҳқон Анваржон Узоқов бошчилигида экилган майдондаги картошка ҳосили йиғиштириб олинди, бунинг учун кунига 50га яқин фуқаронинг мавсумий бандлиги таъминланди.

Деҳқонлар картошкани 6 минг сўмдан бозорга етказиб бериб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда 250 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.