Наманган ва Жалолобод биродарлашган ҳудудларга айланди
Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттор Сиргабаев бошчилигидаги делегациянинг Наманганга амалий ташрифи муносабати билан вилоят ҳокимлигида расмий қабул маросими ўтказилди.
Учрашувда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттор Сиргабаев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусов алоҳида қайд этганидек, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг жорий йил 11-12 март кунлари мамлакатимизга ташрифи ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан ўтказган мулоқоти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада равнақ топтириш, икки қардош халқнинг бунданда порлоқ келажагига мустаҳкам пойдевор қўйиш учун янги даврни бошлаб берди.
Эътироф этиш лозимки, етти тумани Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти билан чегарадош бўлган Наманган вилоятида бугунги кунда 23 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб фуқаролар яшамоқда. Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларидаги қирғиз маҳаллаларида қардош элнинг урф-одатлари юксак қадрлаб келинмоқда. Бундан ташқари, вилоят Қирғиз миллий-маданий маркази, учта қирғиз мактаби ва қирғиз ишбилармонлари сармояси иштирокидаги тўққизта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида айни пайтда 1 миллион 238 минг аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 26 фоизи ўзбекларни ташкил этади. Ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактабда зарур шароитлар яратилган. 3 минг нусхада ўзбек тилида нашр этиладиган «Янги тонг» газетаси таҳририяти ҳам фаолият юритади.
– Бир дарёдан сув ичиб, тарихи, маданияти, урф-одатлари ўзаро уйғунлашиб кетган, тили ва дини бир бўлган ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги асрий қардошлик ришталарининг яна мустаҳкамланаётгани ҳар икки томон учун ҳам манфаатли, ҳам қувонарлидир, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилда вилоятимизнинг Қирғизистон Республикаси билан ўзаро товар айланмаси 102 миллион 600 минг долларни ташкил қилди. Бунда Наманган экспортида Қирғизистоннинг улуши 25 фоизни ташкил этди. Қирғизистон Республикаси Президентининг юртимизга давлат ташрифи чоғида ўтказилган музокараларда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида 2021 йилга мўлжалланган ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда алоқаларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.
[gallery-1831]
Мазкур келишув доирасида шу йил 18 март куни маҳаллий ҳокимликлар масъуллари, тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат Наманган вилояти делегацияси Жалолобод вилоятига амалий ташриф билан борган ҳамда икки томон ўртасида бир қатор музокаралар олиб борилган эди. «Йўл харитаси»га асосан қиймати 22 миллион долларлик 6 та лойиҳани амалга ошириш ва 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш ҳамда қиймати 132 миллион 500 минг долларга тенг 35 та савдо шартномаси ижросини таъминлаш белгиланган. Қолаверса, икки ҳудуд ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида, «Учқўрғон –Кенсай», «Нанай – Кербен» чегара-божхона пости фаолиятини қайта тиклаш ва «Косонсой – Баймак» чегара-божхона ўтиш пункти орқали транспортлар ҳаракатини йўлга қўйиш учун тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусовнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, у юртимиздаги дипломатик миссиясини бошлаган вақтда тўртта назорат-ўтказув пункти ишлаган. Ҳозирга келиб уларнинг сони саккизтага етган. Икки мамлакат Президентлари учрашуви давомида барча 15 та назорат-ўтказув пунктларини очиш бўйича топшириқ юклатилган. Назорат-ўтказув пунктларини очиш биринчи бўлиб Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳудудидан бошлаш кўзда тутилмоқда. Давлат раҳбарлари томонидан ўтказув пунктларидан ўтаётган фуқаро паспорт текшируви учун бир ярим дақиқадан ортиқ вақти кетмаслигини таъминлаш бўйича кўрсатма берилган. Икки тарафлама ўтказиш пункти бўйича меъёрий талаблар ҳал этилганидан кейин Жалолобод ва Наманган ўртасида автомобиллар қатнови йўлга қўйилади.
Мазкур чегара постларини қайта тикланиши нафақат халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик яқин қўшничилик ва қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, балки чегаролди ҳудудларда ўзаро савдони кенгайтириш, логистика марказлари ташкил этиш, туризмни ривожлантириш имконини беради. Асосийси шундаки, 500 километрга яқин айланма йўл масофасини қисқартириш ва Хитойга транспорт-логистик харажатларни камайтиришга катта имкон беради. Бу ўз навбатида маҳсулотлар таннархини камайишига ижобий таъсир кўрсатади.
Томонлар иқтисодий муносабатлардан ташқари, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик, талабалар алмашинуви соҳаларида яқиндан ишлашга тайёрлигини билдирди. Расмий учрашувдан сўнг «Уч фаввора» хиёбонида Наманган ва Жалолобод вилоятлари «Биродар ҳудудлар» дея эълон қилинганига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда икки вилоятлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва вилоят Қирғиз миллий маданий маркази фаоллари иштирок этди. Хиёбон ҳудудига Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги тарихий кунни ўзида акс эттирувчи монумент ўрнатилди.
Жалолобод вилоятининг администрацияси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, саноат корхоналари раҳбарлари, ишбилармонлар доиралари вакиллари, журналистлардан иборат делегация аъзолари ташрифнинг илк кунида Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш мажмуаларига борди. Меҳмонлар Давлатобод туманидаги «Ўн Бир Аҳмад» зиёратгоҳи, «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонаси, «Даштбоғ», «Орзу» ва «Юксалиш» кичик саноат зоналаридаги "Dreamliner textile“, ”Ideal Orzu tekstil“, ”Art soft holding“, ”Zamin kiyim sanoat“, ”Fabrika nashe" МЧЖ каби корхоналар фаолияти билан танишди.
Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти делегациясининг Наманганга ташрифи давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА