Наманган: Туркиялик мутахассислар болаларни бепул кўрикдан ўтказмоқда(+видео)
Наманганда туркиялик мутахассислар эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул кўрикдан ўтказмоқда. Бу хайрли ташаббус юзлаб болалар саломатлиги учун янги имкониятлар эшигини очди, уларнинг келажагига умид бағишловчи муҳим қадам.
Мазкур хайрия тадбири Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида, «Соғлом келажак» акцияси доирасида амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туркиялик шифокорлар болаларни кўрикдан ўтказиб, уларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганмоқда. Асосий эътибор умумий хирургия ва мураккаб пластик хирургия йўналишларига қаратилган.
Текширувлар давомида ҳар бир бемор боланинг ҳолати алоҳида баҳоланиб, унга зарур даволаш чоралари, реабилитация ва жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи белгиланмоқда.
Кўриклар натижасига кўра, операцияга муҳтож болалар саралаб олиниб, кейинги босқичда улар учун туркиялик ва маҳаллий шифокорлар иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган.
Эътиборли жиҳати, тиббий кўрик, диагностика ва кейинги даволаш жараёнлари бемор болалар ва уларнинг ота-оналари учун мутлақо бепул амалга оширилмоқда. Бу эса эҳтиёжманд оилалар фарзандларига юқори малакали тиббий ёрдамни ўз юртида олиш имконини яратмоқда.
Шу билан бирга, туркиялик мутахассисларнинг маҳаллий шифокорлар билан биргаликда ишлаши мураккаб операцияларни амалга ошириш билан бир қаторда, маҳаллий мутахассислар учун тажриба алмашиш ва замонавий тиббий усулларни амалиётда ўрганиш имконини ҳам беради.
Болалар саломатлиги — энг устувор вазифа. Бу каби ҳамкорлик ва хайрли ташаббуслар эса кўплаб оилаларга умид ва имконият бағишламоқда.
Тоҳир Турсунов, ЎзА