Наманган тажрибаси сифатида “ақл марказ”лари жорий этилади
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг йигирма тўртинчи сессиясида вилоятнинг шаҳар ва туманларида қўшимча захира ҳамда имкониятларни сафарбар этиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл хариталари” тасдиқланди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да Президент Администрацияси вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлар, маҳаллий Кенгаш раислари, республика вазирлик ва идораларининг масъул раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган сессия ишини халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов олиб борди.
Даставвал, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 июнда Наманганга ташрифидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди.
Мазкур муҳим ташриф давомида берилган вазифалар ижроси ҳамда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга илм-фан, инновациялар ва илмий асосланган ёндашувларга таянган ҳолда эришиш лозимлиги қайд этилиб, ҳудудлар билан ишлашга илмий ёндашув олиб кириш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Бу борада “Наманган тажрибаси” сифатида вилоятнинг шаҳар-туманларига республикадан 14 та “ақл маркази” бириктирилди. Ушбу тузилмалар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 126 та, шу жумладан, саноат корхоналари фаолиятини тиклаш бўйича 39 та, хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишида 35 та, ижтимоий соҳага оид 21 та, қишлоқ хўжалигида 18 та, йўл инфратузилмасида 10 та ва бошқа йўналишларда учта масала аниқланиб, қўшимча захира ҳамда имкониятларни сафарбар этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
[gallery-30340]
Бундан буён доимий ҳамкорлик қилиш бўйича Наманган вилоятига “ақл маркази” сифатида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси бириктирилди. Сессияда қатнашган Президент маслаҳатчиси Обид Ҳакимов “Наманган тажрибаси” сифатида амалга оширилаётган янги тизимнинг аҳамиятига эътиборни қаратди.
Сессияда, Наманган шаҳар ва туманлар ҳокимлари бириктирилган “ақл марказлари” билан ҳамкорликда қўшимча захира ҳамда имкониятларни сафарбар этиш юзасидан ишлаб чиқилган “йўл хариталари” юзасидан ҳисобот берди.
Музокараларда ҳар бир йўналиш ва маскан бўйича мавжуд муаммо ҳамда унинг ечими атрофлича таҳлил қилиниб, лойиҳаларни янада такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бу бўйича масъуллар ва депутатларнинг таклифлари тингланди. Сессия якунида, унда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.