Ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти тараққиётида саноат ва савдо алоҳида ўрин тутади. Хусусан, эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналари бугунги Янги Ўзбекистон шароитида иқтисодий ўсишнинг асосий таянч нуқтасига айланди.
Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган шаҳрининг “Орзу” массивида “Орзу” кичик саноат зонасига асос солиниб, унда текстиль йўналишида бир қатор корхоналар ўз фаолиятини бошлаганди.


Намангандаги “Ideal texstil orzu” масъулияти чекланган жамият вилоятда биринчилардан бўлиб ташкил этилган кичик саноат зоналардан ҳисобланади. Таниқли тадбиркор Бахтиёр Умаров таъсисчилигида Давлатобод туманидаги “Орзу” кичик саноат зонаси ҳудудида очилган мазкур корхонада ҳозирги вақтда 400дан зиёд ишчилар бандлиги таъминланган бўлиб, айни вақтда костюм-шим, спорт ва қишки кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотлар Россия Федерацияси, Италия ва Голландия давлатларига экспорт қилинмоқда.


Айни вақтда Наманган вилоятида “Косонсой фарм” ва “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳамда 73 та кичик саноат зонасида икки мингга яқин корхоналар фаолият юритмоқда. Наманган – республикамизнинг тўқимачилик саноат тармоғи энг ривожланган ҳудуди эканлигидан келиб чиққан ҳолда айтиш жоиз, бизнес субъектларининг аксарияти тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Наманган вилояти кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси директори Акмалжон Дадабоевнинг маълум қилишича, вилоятда жами 805,8 гектар ер майдонида етмишдан ортиқ кичик саноат зоналари ташкил этилган. Мазкур саноат зоналарига қиймати 8,8 триллион сўмлик 1 минг 285 та лойиҳа жойлаштирилган. Истиқболли бизнес лойиҳалар тўла қувват билан ишга тушиши ҳисобига келгусида 63 минг 895 та иш ўрни яратилади. Ҳозирги кунга қадар қиймати 6,3 триллион сўмлик 1086 та лойиҳа ишга туширилиб, 56 минг 592 та янги иш ўрни мавжуд.

Масалан, Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида “Мастер клас дизайн” масъулияти чекланган жамият томонидан қиймати 45 миллиард сўмлик чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиб, 150 та янги иш ўрни, Косонсой туманидаги “Намуна” кичик саноат зонасида эса “Баркас текс” масъулияти чекланган жамият томонидан қиймати 280 миллиард сўмга тенг бўлган момиқ сочиқ ишлаб чиқариш қувватлари йўлга қўйилиб, 2 минг 200 та иш ўрни яратилди. Эътиборлиси, мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 2,1 триллион сўмлик саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 50,1 миллион долларлик маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Айни кунларда 1,5 триллион сўмни ташкил этувчи жами 196 та лойиҳа амалга оширилмоқда ҳамда бунинг натижасида 8 минг 575 та янги иш ўринлари яратилади. Шундан, жорий йилнинг ўзида 1,1 триллион сўм қийматдаги 131 та лойиҳа ишга туширилади ва 5 минг 200 га яқин иш ўрини яратилади. Биргина Янги Наманган туманидаги “Тараққиёт” кичик саноат зонасида 30 та ҳамда Косонсой туманида “Намуна” ва “Кушон” кичик саноат зоналарида 22 та янги корхона ўз ишини бошлайди.
Шу билан бирга вилоятда ихтисослашув асосида маҳаллаларда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, темирчилик, мебелчилик, асаларичилик каби йўналишлар ташкил этилмоқда. Масалан, Уйчи туманидаги Қумтепа маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ 3,1 гектар майдонда 2021 йилда ташкил этилган темирчиликка ихтисослашган ёшлар кичик саноат зонасида илк босқичда жами 27 миллиард сўмлик 52 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 550 та янги иш ўрни яратилди.
Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларидаги хонадонларда уста-ҳунармандларга барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар ҳозирланди. Мазкур саноат мажмуаси йўл, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув билан таъминланган. Қолаверса, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда. Саноат зонасида усталар томонидан темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳозир темирчилик маҳсулотлари, айниқса, темир дарвозаларга талаб ҳар қачонгидан юқори. Шу боисдан ҳам тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига 1 миллион 200 минг доллар миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилишга эришилди. Бугун кичик саноат зонасида самарали фаолият юритаётган “Sanlitun” масъулияти чекланган жамият раҳбари Муҳаммадали Ҳусанов ёш тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдор.
– Маҳсулотларимизга қўшни Марказий Осиё давлатларидан ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда. Ишимизда сифат устувор аҳамият касб этади, айни шунинг учун ҳам маҳсулотларимизнинг сифатли бўлишига аҳамият қаратганмиз, – дейди тадбиркор Муҳаммадали Ҳусанов. – Ўтган йилнинг ўзида 2,5 миллиард сўмга яқин товар айланмасига эга бўлиб, 500 миллион сўм соф даромад олдик. Ишчиларимизнинг даромади ҳам шунга яраша.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари форумида эркин иқтисодий зоналар бўйича тўпланган тажриба асосида ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналарини ташкил этиш, унда ёшларнинг бизнес лойиҳаларини жойлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Президентимизнинг 2021 йилда 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 127 гектар ер майдонида 18 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси барпо этилди.
Хусусан, Янгиқўрғон туманидаги Бунёдкор маҳалласи ҳудудида 10 гектардан иборат ер майдонида ташкил этилган ёшлар кичик саноат зонаси 30 та лотга ажратилиб, унда 20 нафар йигит-қиз умумий қиймати 450 миллиард сўмдан зиёд бизнес лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Бунинг натижасида “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизлар учун 3 минг 334 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу кичик саноат зонада мевани қайта ишлаш, қуритиш, томат пастасини ишлаб чиқариш каби бир қатор фаолият йўлга қўйилди.
40 сотих майдонда ўз фаолиятини бошлаган “Rivoj Agro Lyuks” масъулияти чекланган жамиятни қуриш ва ишга тушириш учун 3 миллиард сўм сарфланди. 20 киши меҳнат қилаётган корхонада ҳозирда томат пастаси ишлаб чиқарилиб, Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига экспортга йўналтирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги саноат зоналарида амалга оширилаётган бизнес лойиҳалар ишлаб чиқариш қамровини янада кенгайтириб, истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари орқали аҳоли фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.