Наманган шаҳри Гиннес рекордлар китобида (+видео)
Азалдан меҳр-оқибат, эзгулик ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар инсон қалбига қувонч, атроф-муҳитга эса файзу тароват бағишлайди. Гуллар инсон кайфиятини ўзгартиради. Севги, эҳтиром ва меҳр – барчаси бир даста гулда мужассам.
Наманганда бошланган 65-халқаро гуллар фестивали санъат, табиат ва инсон қалбини ягона гўзаллик атрофида жамул-жам этибгина қолмасдан турли миллат вакилларини ўзаро аҳиллик ва бирдамликка чорламоқда.
Она табиат гўзаллиги, дўстлик, нафосат, маданият уйғунлигини тарғиб этувчи улуғ айёмга эрта тонгдан нафақат юртимиз ҳудудлари, балки қўшни ва МДҲ мамлакатлари ҳамда Европа-ю Осиёнинг элликка яқин давлатларидан минглаб инсонлар Наманган шаҳри томон ошиқдилар.
Юбилей байрам тантаналари водийнинг асосий ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойи гулларга бурканган 300 дан зиёд транспорт воситаларидан иборат машиналар карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темир йўл вокзали айланма йўли – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Бобур боғи томон саф бўлиб етиб келди. Айниқса, турли хил ретро машиналар ҳамда замонавий электрокарлар катта қизиқиш уйғотди.
Автопарад ўтказилишининг замирида, энг аввало, Янги Ўзбекистонда ҳукм сураётган одилона сиёсат самарасида осудалик ва фаровонликнинг бардавомлиги мужассам. Тинчликсевар мамлакатимиз барқарорлик ва нафосат рамзи - гуллар автопаради орқали гўзалликни бутун жаҳонга тараннум этаётгани эътирофга молик.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг ёнгинасидаги катта майдонда бўлиб ўтган расмий очилиш маросимида Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Хитой, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Афғонистон, Эрон, Япония каби ўнлаб хорижий давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, чет эл компаниялари инвесторлари, нуфузли меҳмонлар, маданият ва санъат намоёндалари, сайёҳлар ва кенг аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилганларни юбилей байрами билан қутлаган Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов фестивалнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида тўхталар экан, унинг доирасида 150 дан зиёд халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги форумлар, маданий-маърифий, оммавий-спорт сингари тадбирлар ўтказилишини таъкидлади.
Қайд этиш ўринлики, ўтган 2025 йилда фестивалга тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича жами 100 миллион туп гул кўчати экилган эди. Бу йил эса ушбу миқдор 150 миллион тупга етказилди. Биргина Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бир ой давомида жамоа томонидан 29 миллион 600 мингдан зиёд гуллар экилди.
Бундай улкан лойиҳа натижасида яна бир тарихий ютуққа эришилиб, Наманган шаҳри “Бир ой ичида жамоа томонидан экилган энг кўп гул” номинацияси бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига расман киритилди. Бу зафар наманганликларнинг бунёдкорлик, ободонлаштириш, экология ва туризм йўналишларидаги юксак салоҳиятини яна бир карра намоён қилди.
Фестивалнинг очилишида ушбу тарихий муваффақиятни тасдиқловчи махсус сертификатни “Guinness World Records” ташкилоти вакили Шейда Субаси хоним Наманган вилояти ҳокимлиги раҳбариятига тантанавор руҳда топширди. Шу тариқа Наманган дунёдаги саноқли шаҳарлар қаторида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Дарҳақиқат, “Guinness World Records” сертификати — бу шунчаки ҳужжат эмас, балки бир ой давомида аҳил ва бирдам бўлиб меҳнат қилган, гўзаллик яратиш йўлида бирлашган наманганликларнинг улкан зафари рамзидир. Қувонарлиси шундаки, она табиат ҳам ёқимли салқин ҳаво, мафтункор камалак жилоси билан гуллар фестивали иштирокчиларини қўллаб-қувватлаб турди.
Гуллар байрамини кенг тарғиб этиш учун таклиф қилинган Эрон, Туркия, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси сингари жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатларининг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари ва таниқли блогерлар Наманганга келиб, жараёнларни тўғридан-тўғри ёритиб бормоқда.
– Гуллар сиз айта олмаган ҳисларни етказади. Ҳар бир гул – муҳаббатдан битилган мактуб. Бунга юртингизга, Наманганга илк ташрифим давомида амин бўлдим, – дейди Россия Федерациясининг ТАСС ахборот агентлиги мухбири Даря Храмочкина. – Очиғи, халқаро фестивалнинг илк кунида бир-биридан ажойиб, ранг-баранг гуллардан ҳайратландим, завқ-шавққа тўлдим. Албатта, олган таассуротларимизни ўз кузатувчиларимизга етказамиз.
– Халқаро гуллар фестивалида тўртинчи бор иштирок этишим. Эътиборлиси, ҳар йилги байрам бир-биридан такрорланмас, янгилик ва ўзгаришларга бой бўлади. Мана, бу галги анжуманда энг кўп гул экиш бўйича Наманган шаҳрининг Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олганлиги ҳақидаги сертификатга эга бўлганлигини ўз кўзимиз билан кўрдик, – дейди Корея Республикасининг Пусан шаҳридан келган Ким Жу Ок. – Бизда ҳам гуллар байрамига ўхшаш тадбир ўтказилади, фақат у Ўзбекистондаги каби халқаро даражада эмас, балки туман даражасида ташкил этилади. Мамлакатингиздаги байрам савияси жиҳатидан анча юқори, ўрганса арзийдиган жиҳатлари кўп.
Жорий йилдаги унутилмас фестивалнинг ҳар бир куни меҳнатсевар ва гулсевар наманганликлар ҳамда меҳмонлар учун чинакам байрамга айланиши шубҳасиз. Бинобарин, гуллар шаҳри номи билан етти иқлимда довруғи таралган азим Наманганда гўзаллик, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи – гулларга меҳр қўйилган. Баҳор келиши биланоқ гулчилар байрам тадоригига киришади. Шоду хуррамлик, орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканади. Ҳар бир ҳовли гуллар билан безатилади, махсус туваклар ва гулзорларда турфа хилдаги гул навлари етиштирилади.
Айни шундан ҳам 65-халқаро гуллар фестивали, энг аввало, маҳаллалардан бошлангани билан аввалгиларидан ажралиб туради. Яъни бу йил вилоятдаги мавжуд 754 маҳалланинг барчаси нафосат анжумани иштирокчисига айланди. Улар ўртасида "Энг гулзор, энг обод маҳалла" кўрик-танлови ўтказилмоқда. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, фестиваль якунида ғолиблар муносиб тақдирланадилар.
Хорижий меҳмонлар вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамроҳлигида Бобур боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркида экилган бетакрор ва мафтункор гул композицияларидан завқ олишди. Қолаверса, “Янги Ўзбекистон” боғининг 60 гектар майдонида ҳам гуллар билан безатилган композициялар бунёд қилинди. Бу йил туманларда ҳам турли тадбир ва сайллар ўтказилиб, туризм бўйича янги локациялар ташкил этилмоқда.
Хусусан, анъана тусига кирган тадбирлар – Чуст туманида “Ош танлови”, Поп туманида "Лаванда сайли" қаторига эндиликда Мингбулоқ туманида “Патир фестивали” ҳам қўшилмоқда. Албатта, бу каби йўналишлар фестиваль доирасида Наманганга келган хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши турган гап.
Вилоят туризм бошқармасидан маълум қилинишича, Наманганда старт олган халқаро бирдамлик, дўстлик улуғланадиган 65-халқаро гуллар фестивалига эллик кун давомида 1 миллиондан зиёд хорижий, 7 миллионга яқин маҳаллий сайёҳларнинг ташриф буюриши кутилмоқда.
Чинакамига гўзаллик тароватини улашадиган, дилларга ўзгача шукуҳ бағишлайдиган, гулчилик анъаналари ҳамда шаҳар ва туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 65-халқаро гуллар фестивали жорий йилнинг 12 июлига қадар давом этади. Байрамда фаол қатнашадиган гулчилар ва ташкилотлар қимматбаҳо совғалар, жумладан, автомобиллар билан мукофотланади.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат),ЎзА мухбири