Наманган гуллар мамлакатига айланган (+видео)
Сарлавҳадан таажжубланманг. Негаки, Намангандаги халқаро гуллар фестивалига нисбат беришда “шаҳарни гўзаликка бурканган” дея таърифламоқдалар ва бу ҳақиқат. Лекин май-июнь ойларида вилоятнинг барча шаҳар-туманлари, қишлоғу маҳаллаларида очилиб турган турфа хил гуллар дилингизни яйратади. Уларнинг ифори оламни тутгандек, бўлади. Беихтиёр Наманган гуллар мамлакатига айланибдими, деб юборасиз.
Дарҳақиқат гулчилик Наманган номини оламга янада кенгроқ танитди. 21 май куни бошланган байрамга бугунгача 40 дан зиёд мамлакатдан 100 минг хорижий сайёҳ, мамлакатимиз вилоятларидан эса 5 миллиондан зиёд гул шайдолари келишди. Автомобиллар саф тортиб шаҳар айланганда, ҳар кеча Бобур боғи ва Афсоналар водийси амфитеатрлари, майдону-стадионларда Ўзбекистон ҳамда Туркия санъат усталари оммавий саҳналарда куйлашганида одамлар ҳаёт қувончи, бахт нашидаси, гўзаллик лаззатини чуқурроқ ҳис қилдилар.
[gallery-12301]
Агар 2022 йилда 22-25 миллион туп гул кўчати экилган бўлса, бу йил Бобур боғига 20 миллион, кўча ва ҳиёбонларга 10 миллион ҳамда Афсоналар водийсига 10 миллион, жами 40 миллион гул экилди.
Наманганнинг ҳар бир қарич ери туман, корхона-ташкилот, гул ишқибозлари томонидан бўлиб олинди. Улар ўзларининг рамзлари туширилган ландшафтни яратдилар. 20 та профессионал гулчи мутахассис раҳбарлигида 500 нафар ободончилик идораси ходимлари ёрдамида такрорланмас манзараларни юзага келтиришди.
Аслида бугунги гўзаликка икки-уч йил аввал замин яратилганди. Наманган шаҳри яқинидан 16 гектар майдон гулчилик плантацияси учун ажратилиб 52 нафар гулчига иссиқхона қуриш, гул ўстиришга дея берилди. Натижада шу “гуллар фабрикаси”нинг ўзида бу йил 50 миллион туп сара, ноёб гуллар етиштирилди.
–Март ойида Қорақалпоғистонга 3 млн. туп гул бердик, - дейди гулчилик марказининг раҳбари Қодиров Обидхон. –Кейин Хоразм, Бухоро, Фарғона, Андижон вилоятларига юбордик. Бизда илмий лаборатория бўлиб, ўзимиздаги навлар ва чет эл уруғларидан янги навлар яратдик. Агар 2022 йилда 50 хил гулимиз бўлган бўлса, ҳозир улар сони 65 хилга етди.
Наманган, халқаро гул байрамига атайин бир неча мамлакат сайёҳлари келишди. Хитой, Эрон, Дания, Голландия.... шу кунларда японияликлар Наманганда.
–Ўзбекистон, Наманганда иқлим иссиқ ва бу ерда гулзорлар яратиш мумкин эмас, деб ўйлагандик. Бир сўз билан айтсак, ҳайратдамиз, - дейди япониялик эксперт Хана Мура Макато.
–Японияда ҳам Ханоми фестивали ўтказилади. Ўшанда японлар сакура дарахти гулларини томоша қилишади. Аммо Наманганнинг ҳамма ери гулга бурканган. Чолғу асбоблари, тарихий бинолар, ўрмон ҳайвонлари макетларини гулдан шу қадар моҳирона усулда яратишибдики, қойил қолмай иложинг йўқ, - дейди Саккаи Массаюки.
Наманган журналистларни ҳам мафтун қилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан 30 нафар қалам аҳли гул байрамида иштирок этиб, Бобур боғи, Афсоналар водийси, кўча ва майдонларда бўлдилар. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуритдинов, вилоят оммавий ахборот воситалари раҳбар ва вакиллари билан гул байрами тарихига оид қизиқарли мулоқотлар бўлди.
Наманганга Сиз ҳам келинг, сархил гуллар ифоридан баҳраманд бўлинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fnWKNkH8enU" title="НАМАНГАН ГУЛЛАР МАМЛАКАТИГА АЙЛАНГАН" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов.