Наманган - Афғонистон: транспорт логистикасида ҳамкорлик
Бугунги кунда юртимизнинг маъмурий ҳудудларида халқаро ҳамкорлик алоқаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда Наманган вилоятида инвестиция оқимини жадаллаштириш мақсадида Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Япония, Австрия, Қатар, Германия, АҚШ каби давлатлар билан иқтисодий алоқалар самара бермоқда. Ҳамкорлар сафидан яна бир ён қўшни мамлакат – Афғонистон Ислом Республикаси ҳам жой оляпти.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 28-30 март кунлари Наманган вилояти делегацияси Афғонистонга амалий хизмат сафари билан борди.
Пойтахт Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларидаги бизнес форумлар ҳамда икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасидаги учрашувалар самарали бўлди: умумий қиймати 621,3 миллион долларлик 27 та келишув имзоланди. Хусусан, паррандачиликка ихтисослашган “Golden egg of Namangan” корхонаси томонидан Мозори Шариф шаҳрида “Ibrаhim Mansoor” компанияси билан ҳамкорликда йирик инвестицион лойиҳага старт берилди.

Афғонистонлик ҳамкорлар ҳам ўз навбатида инвестиция киритиш мақсадида Наманган вилоятига келди. Шулардан "Mansoor Sekander" компанияси транспорт логистикаси йўналишида фаолият юритиш учун Наманганда қўшма корхона ташкил этишни мақсад қилган.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда афғонистонлик тадбиркор ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда қўшни Қирғиз Республикаси ва Тожикистон билан чегара-божхона масканлари барқарор фаолият кўрсатаётгани, Наманган ушбу йўналишда муҳим аҳамиятга эга локацияда жойлашгани таъкидланди.

Айниқса, Хитой ҳамда Россиядан Афғонистонга олиб келинаётган юкларни ташиш учун бу ҳудуд қулай ҳисобланади. Аввалига 50 та, бир йил ичида умумий ҳисобда 1000 та оғир юк ташувчи машина бу логистика хизматидан фойдаланади.
Самимий ва қизғин кечган учрашувда Наманган-Афғонистон тадбиркорлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамалаш ва кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА