
Айни пайтда Наманган халқаро аэропортида қуюқ туман кузатилаётгани самолётларнинг қўнишини қийинлаштирмоқда.
“Uzbekistan Airports” компанияси матбуот хизматидан олинган маъулмотларга кўра, айни пайтгача иккита парвоз қўшимча аэродромларга йўналтирилди. Хусусан, бугун “Centrum Air” авиакомпанисининг “Мадина – Наманган” йўналиши бўйича парвоз қилувчи MFX3338 рейси экипажи Фарғонадаги қўшимча аэродромга йўналтирилди. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 7:53 да Фарғона аэродромига қўнди. “Flyadeal” авиакомпаниясининг “Жидда – Наманган” йўналиши бўйича парвозни амалга ошираётган FAD9332 рейси ҳам Тошкентдаги қўшимча аэродромга йўналтирилди.
Ҳозирча бу ерда ноқулай об-ҳаво шароити сақланиб турипти.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА