Наим Қосим: Насруллоҳнинг иши давом этади
Ҳизбуллоҳ гуруҳининг тайинланган Бош котиби Шайх Наим Қосим ўзидан олдинги шаҳид Саййид Ҳасан Насруллоҳнинг меросини давом эттиришга онт ичаркан, "Биз уруш режалаштирган воқеалар асносидаги қаршилик ҳаракатимизни ўзгартирмаймиз", деди.
Янги раҳбар илк телевизион нутқида Ливандаги қаршилик ҳаракати Исроил режимига қарши курашда собит қолишини таъкидлади.
Ўзига юкланган оғир масъулият учун миннатдорлик билдирган Шайх Қосим халққа юзланиб, шундай қўшимча қилди: Бу муҳим юк ва ишонч белгиси ва бу вазифани бажарамиз. Шаҳид бўлган етакчиларимиз қони бу йўлдан боришдаги қатъиятимизни кучайтиради ва бизни илҳомлантиради. Менинг иш режам етакчимиз Саййид Ҳасан Насруллоҳники билан бир хил. Биз у ва бошқа раҳбарларимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий стратегияни амалга оширишда давом этамиз.
Маълумки, Ҳизбуллоҳга 30 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Насруллоҳ сентябрь охирида Ливан жанубига уюштирилган йирик ҳаво ҳужумида ўлдирилди.
Сешанба куни гуруҳнинг марказий қарор қабул қилувчи органи - Шўро кенгаши бўшаган лавозимга 71 ёшли Шайх Қосимни тайинлади. У аввал Бош котиб ўринбосари эди.
Шунингдек, Шайх Қосим ўз нутқида Ғазо сектори қўллаб-қувватланишини Исроилга қарши курашда муҳим босқич сифатида таърифлади: Секторни қўллаб-қувватлаш Ғазо халқининг ҳақли талаби. Бутун минтақага таҳдид солаётган Исроилга қарши туриш зарур. Бу режим ҳеч қачон халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорларига амал қилмаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА