Нагояда Осиё ўйинлари: катта спорт байрамига старт берилди
Нагоя шаҳрида ХХ Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тошкент вақти билан соат 14:00 да «Paloma Mizuho» стадионида бошланган тадбир билан қитъанинг нуфузли спорт форумига расман старт берилди.
Тантанали маросимда Осиёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган спортчилар, мураббийлар, расмийлар ва спорт делегациялари иштирок этди. Миллий делегацияларнинг паради, бадиий чиқишлар ва мусобақанинг рамзий тадбирлари очилиш маросимига кўтаринки руҳ бағишлади.
Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказилаётган мазкур мусобақада 45 давлатдан 11 минг нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда. 16 кун давом этадиган Осиё ўйинларида спортнинг 43 тури ва 71 йўналиши бўйича 469 та дастур доирасида 1 минг 407 та медаль жамланмаси учун баҳслар ўтказилади.
Спортчиларнинг қитъанинг энг йирик спорт майдонларидаги баҳслари олдидан ўтказилган очилиш маросими иштирокчилар учун ўзига хос байрам тадбирига айланди. Тадбир давомида Осиё спорт ҳаракатининг бирдамлиги ва спорт орқали дўстлик, ҳамкорлик ҳамда ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш ғоялари намоён этилди.
[gallery-31519]
Мусобақаларда Ўзбекистон делегацияси ҳам спортнинг қатор турларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Спортчиларимиз Осиё ўйинларининг турли дастурларида муносиб иштирок этиб, юқори натижалар учун баҳс олиб боради.
ЎзА фотомухбири Сарвар Ўрмонов Аичи-Нагоядан хабар беради