Нафақа ва ёрдам пуллари тарқатилишида қатор камчиликларга йўл қўйилди
Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ўз аксини топган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида 2020 йил биринчи ярим йил якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ўз аксини топган. Ҳар бир давлатнинг бюджети ижросига қараб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга баҳо бериш мумкин. Пандемия даврида бу масала, айниқса, долзарбдир.
Таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳар доим эътибор марказида турибди. Давлат бюджетидан ана шу йўналишларга кўпроқ маблағ йўналтириш, яъни аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш чоралари кўриляпти. Шундай муҳим пайтда бюджет маблағларининг режалаштирилган эзгу мақсадлар учун оқилона йўналтирилиши ҳар томонлама долзарб ва ҳаммамизни ўйлантирадиган масаладир.
Ҳисобот даврида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 255,3 триллион сўмни ташкил этган. Пандемия билан боғлиқ бутун дунёдаги чекловлар мамлакатимиз иқтисодиётига, аксарият кўрсаткичларга таъсир ўтказган, албатта.
COVID-19 пандемияси таъсирида аҳоли ҳаракатчанлик индекси секинлашган, карантин чоралари таъсири 2020 йил январь-июнь ҳолатига аҳоли умумий даромадларида ҳам ўз аксини топган. Натижада аҳоли умумий даромадлари 176 триллион сўмни ташкил этган. Муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлагани масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат бюджети харажатларида ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар улуши йилдан-йилга ошириб бориляпти. Хусусан, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 34 триллион 665 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 13,9 фоизни ташкил этган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 8 триллион 71,5 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга 3726,7 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Пандемия ва карантин чекловлари билан боғлиқ қийин вазиятда маблағларнинг самарасиз сарфланиши, айниқса, талон-тарож ҳолатлари кўпайгани танқид қилинди. Ҳукумат, мутасадди вазирлик-идоралар бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича шаффоф тизим яратиш ишларини кескин кучайтириши зарурлиги таъкидланди. Нафақа ва ёрдам пуллари тарқатилиши жараёнида қатор камчиликларга йўл қўйилди, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жараёнлари очиқлиги таъминлангани йўқ.
Давлат бюджети ижросини таъминлашда парламентдаги муҳокамалар билан бирга, жойларда, тармоқларда бевосита, тезкор таҳлиллар ўтказиш, шу орқали қонунчиликнинг таъсирчанлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу асосда ЎзХДП фракциясининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.