
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига унутилмас мусибат кунларини солди. Миллионлаб инсон ҳаётига завол бўлган бу уруш ўзбек халқининг ҳам юрагида бир умр ўчмас из қолдирди. Армонлар, изтироблар, дардли аламлар ўрнини ҳеч нима тўлдира олмайди.
Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғидан Зулфия ая Зокирова беш ўғлини фронтга жўнатди. Беш ўғлидан бирортаси ҳам онаизор бағрига қайтмади. Ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг “Беш жангчининг онаси” очерки асосида кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов суратга олган “Илҳақ” фильми ўзбек аёлига қўйилган ҳайкал бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳар икки ижодкорнинг шу қишлоқда улғайгани ва қишлоқ аҳлининг, шу муҳитнинг ичида бўлгани фильмнинг мухлислар томонидан яхши кутиб олинишига асосий сабаб бўлса ажаб эмас.
Мана беш-олти йилдирки, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан телеэкранларда фильм намойиши бўлиб ўтади. Шундай кунлардан бирида яна шу фильмни томоша қилдим. Бу фильмни мен шунчаки томоша қилмайман, балки шу сабаб болалик хотираларим жонланади. Ўша қишлоқнинг чанг кўчалари, қуёш заминга нур сочмасдан қўлида кетмон, ўроқ тутиб мол-ҳоли ортидан дала томон ошиқаётган қишлоқдошлар кўз ўнгимда гавдаланади.
1975 йилнинг январь ойи эди. Ёғаётган қор тонггача тинмади. Ҳовлилар, кўчалар қор уюми билан тўлиб кетди. Бобомнинг анчагина тоблари қочганлиги сабаб Ҳидоят холамни чақиртирган эдик. Тонгда холамнинг йиғилари мени уйғотиб юборди. Ўрнимдан турдим ва бобом ётган хонага кирдим. Бобом омонатларини топширган эканлар. Аста -секин қизлар йиғилишди. Маҳалла аҳли мусибатдан хабар топди. Йўлаклар, дарвоза ташқариси қор уюмларидан тозаланди. Хуллас, жанозага тайёргарлик бошланди. Кун ёришиб, қуёш чарақлаб чиқди. Жаноза аср намозига деб эълон қилинди. Пешинда хонадонимиз тумонат одам билан тўлди. Қуёш нуридан тонггача ёққан қор эриб битди. Бобомни сўнгги манзилга қўйиб, қабристондан уйга қайтдик. Шомга яқин ҳаво айниди. Изғирин, шамол аралаш қор ёға бошлади. Холаларим, яқинлар йиғилишди. Бобом ҳақидаги хотиралар ёдга олинди.
Эртасига тонгда бутун борлиқ яна қор билан тўлди. Совуқдан йўллар яхмалак бўлди. Бобом ўтган кундан бошлаб Ҳидоят холам биз билан қирқ кун бирга яшади. Ўшанда холам бобом айтган гапни эслади. “Қиш ўлдирма ёз ўлдир, оч ўлдирма тўқ ўлдир. Жаноза куни ҳақиқатда ёз бўлиб кетди. Отам калимани тилдан қўймадилар-а”, деди холам.
Мана ёшимиз ҳам улғайди. Бобом айтган сўзлар замирида қанчалик маъно борлигига энди ақлим етаётгандек. Инсон доим яхши ниятда бўлиши керак. Айтилган ҳар бир сўзнинг, ҳар бир ниятнинг бир кун келиб рўёби бор, албатта.
Ўй-хаёлларим фильм билан қоришиб кетди. Ҳар сафар шундай бўлади. Фильмдаги ҳар бир эпизод мени ўша пайтдаги хотираларга чорлайверади. Ўша қишлоқ, таниш чеҳралар, болалигим ўтган, кўплаб кўз ёшларни ўз домига тортган Чирчиқ дарёси ва ҳамма- ҳаммаси.
Хонага югургилаб кириб келган беш ёшли набирам хаёлларимни тўзғитиб юборди. Шошиб кўздаги ёшимни артдим. Уни кўрган набирам кетма-кет саволларни ёғдириб ташлади. Улар орасидаги “Нега одамлар бир-бирини ўлдиради?” деган саволга жавоб тополмадим.
Ҳозир биз ғалаба деб нишонланаётган кун аслида ҳам ғалаба эдими?! Бобомнинг икки қизи шу уруш сабаб бева бўлиб оламдан ўтди. Умрининг сўнгги кунларигача дарвоза томон боқиб ёрига, севгилисига илҳақ бўлиб кўз юмди. Ана шу ғалабага ҳам саксон йил бўлибди. Бу кимнинг, ниманинг ғалабаси? Инсон матонати ва садоқатинингми?.. Саволлар кўп. Жавоблар эса...
Биз бу кунни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаяпмиз. Ғалабадан кўра буниси тўғрироқ.
Ҳозир сиёсатда дунёни қайтадан бўлиб олиш ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Учинчи жаҳон уруши тўғрисида ҳам тез-тез гаплар такрорланиб қолди. Бу кимга керак аслида. Дунё ҳаммадан қолган. У ҳеч кимга тегишли эмас.
Тасаввур этинг уруш бўлса, кимга зарар кимга фойда? Бундан кимлардир манфаатдор, албатта. Тарихдан маълум бўлган бир ҳақиқат бор: урушлардан фақат оддий халқ жабр кўрган ва шундай бўлиб қолади. Кексаларимиз доим бир сўзни айтишади: ҳатто беозор мусичанинг ҳам уйи бузилмасин.
Шундай ўйлар билан фильм якунига етганини ҳам сезмай қолибман. Набирам эса мендан яна нималарнидир сўраш билан овора. Бирига жавоб бераман, бирига сукут сақлайман. Тинч замонда яшаётганимизга шукур айтаман. Дунёни ўз тизгинига олмоқчи бўлганларга эса инсоф тилайман. Илоҳим, набираларимиз “Нега одамлар бир-бирини ўлдиради?” деган савол беришига сира ҳожат қолмасин.
Асрор Сулаймонов, журналист.