Набавий мерос бўйича халқаро анжуман Самарқандда ташкил этилди
Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман – “SWAN X 2026” иш бошлади.
“Глобаллашув шароитида барқарор тараққиёт ва оқилона етакчилик: Пайғамбаримиз мероси ва замонавий ёндашувлар” мавзусидаги конференция Малайзия Ислом илмлари университети (USIM), Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети (UniSIRAJ) ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.
SWAN – Набавий меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, Қуръон ва Суннатга асосланган илмий қарашларни бугунги куннинг долзарб муаммолари билан боғлашга қаратилган халқаро илмий платформа ҳисобланади. Анжуман Малайзия Ислом илмлари университети (USIM) ва Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети (UniSIRAJ) томонидан анъанавий тарзда ўтказиб борилади.
Халқаро конференция очилиш маросимида Малайзиянинг Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Туанку Саййид Файзуддин Путра ибн Туанку Саййид Сирожиддин Жамолуллайл, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Малайзия Ислом илмлари университети вакиллари сўзга чиқиб, халқаро анжуманининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддислар илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, Самарқанднинг ислом цивилизацияси ва илм-фан марказларидан бири сифатидаги тарихий мавқеини намоён этишга хизмат қилишини таъкидладилар.

– Ўзбекистон Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари буюк муҳаддислар илмий мероси билан боғлиқ тарихий макон сифатида Набавий меросни тадқиқ этиш, халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш ва ислом цивилизациясининг бой илмий анъаналарини тарғиб қилиш учун муҳим марказлардан бири ҳисобланади, – деди Шовосил Зиёдов. – Зеро, Имом Бухорий ҳазратлари бутун умрини пайғамбаримиз ҳадисларини тўплаш, саралаш ва уларнинг ишончлилигини илмий мезонлар асосида аниқлаш ва келажак авлодларга етказишга бағишланган. У зотнинг “Жоми ас-саҳҳиҳ” асари асрлар давомида ислом илм-фани, маънавий ҳаётининг энг муҳим манбаларидан бири бўлиб келмоқда. Шу маънода Набавий меросни ўрганишга бағишланган мазкур нуфузли анжуманнинг марказимизда ўтказилиши биз учун катта шараф ва юксак масъулиятдир.
[gallery-31801]
Анжуманда Набавий мероснинг мураккаб глобал вазиятларда амалий йўл-йўриқ сифатидаги аҳамиятини ёритиш, қуролли можаролар, гуманитар инқирозлар ва иқтисодий муаммоларни Қуръон ва Суннат нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, Пайғамбаримизнинг мураккаб ижтимоий шароитлардаги етакчилик услубини тадқиқ этишга қаратилган маърузалар тақдим этилди. Малайзия ва Ўзбекистон олимлари томонидан глобал беқарорлик шароитида Набавий бошқарув, ҳадисларга асосланган инқирозларни бошқариш модели, Ўзбекистондаги диний ислоҳотлар ва Набавий мерос масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, таниқли муҳаддис Шайх доктор Башшор Аввод Маъруф ва Перлис штати муфтийси профессор Дато доктор Муҳаммад Асри Зайнул Обидин асосий маърузалар билан иштирок этди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Ислом илмлари университети (USIM), Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети (UniSIRAJ) ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Анжуман 7 октябрь куни онлайн форматда давом эттирилади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари