Мьянмада давлат тўнтариши юз берди
Мьянма қуролли кучлари мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширди.
Синьхуа агентлигининг Мьянма армиясига қарашли телеканал тарқатган хабарга таяниб ёзишича, ҳарбийлар давлат раҳбарларини ҳибсга олган, мамлакатда бир йиллик муддат билан фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Рейтер тарқатган хабарда айтилишича, ҳарбийларнинг мамлакат раҳбариятини ҳибсга олиши яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари қалбакилаштирилганига қарши жавоб тариқасида амалга оширилган.
Бундан аввалроқ ҳукуматни бошқараётган “Демократия учун миллий лига” партияси вакили Мио Ньюнт оммавий ахборот воситаларига Мьянма етакчиси, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи, шунингдек мамлакат президенти Вин Мьин номаълум шахслар томонидан ҳибсга олингани ҳақда маълум қилган эди.
Ньюнтнинг таъкидлашича, улар билан бирга, партиянинг ҳудудлардаги вакиллари ҳамда маҳаллий мулозимлар ҳам ҳибсга олинган. Ҳарбийлар Янгон шаҳри мэри биносини ҳам ўраб олгани ҳақида айтилмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбийлар Мьинт Швени мамлакатнинг вақтинчалик президенти этиб тайинланган, давлат бошқаруви эса тўлалигича қуролли кучлар қўмондони катта генерал Мин Аунг Хлайнига ўтган.
Айни пайтда халқаро ҳамжамият Мьянмада юз бераётган воқеаларни ташвиш билан қарши олди.
Тўнтариш амалга оширилгандан кўп ўтмай АҚШ раҳбарияти Мьянмада юзага келган вазиятдан хавотирда эканини маълум қилди.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг баёнот беришича, Вашингтон Бирма етакчиларини кимлар ҳибсга олган бўлса оқибати ёмон бўлишини эслатиб, зудлик билан уларни озод этишга чақирган.
"АҚШ Бирма мамлакатида ҳокимият демократик йўл билан топширилишига тўсқинлик қилган ҳарбийлар ҳаракатидан, қолаверса, давлат маслаҳатчиси, амалда ҳукумат раҳбари Аун Сан Су Чжи ва бошқа расмий шахсларнинг ҳибсга олинишидан қаттиқ хавотирда", - деди Псаки Мьянманинг аввалги номини ишлатган ҳолда.
Псакининг хабар беришича, ушбу вазият юзасидан АҚШ президенти Байден хабардор қилинган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ҳам Мьянмада юз браётган воқеаларни қоралади.
Бош котибнинг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг маълум қилишича, бош котиб Мьянманинг янги парламенти сессияси очилиши арафасида давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи, мамлакат президенти Вин Мьин ва бошқа сиёсий етакчиларнинг ҳибсга олинишини кескин қоралаган.
Унинг айтишича, бош котиб ҳарбий раҳбариятни Мьянма халқининг ҳоҳишини ҳурмат қилишга ва демократик нормаларга амал қилишга, шунингдек ҳар қандай баҳсли масалаларни фақат тинч мулоқотлар йўли билан ҳал қилишга чақирган.
Дюжаррикнинг таъкидлашича, Гутерреш қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти ҳарбийлар қўлига ўтгани ҳақидаги хабардан жиддий ташвиш билдирган. Ушбу воқеалар мамлакатда демократик ислоҳотларга қарши қаттиқ зарба бўлди, дейилади баёнотда.
Мьянма давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжининг маслаатчиси, австралиялик олим Шон Тернеллнинг маълум қилишича, айни пайтда мамлакат пойтахтида интернет алоқасида узилишлар кузатилмоқда.
Мамлакатда интернет алоқасининг ўзилиб қолаётгани ҳақдаги хабарни тармоқлар фаолиятини таҳлил қилувчи Netblocks ноҳукумат ташкилоти ҳам тасдиқлади. Ташкилот вакилларининг маълум қилишича, интернетдаги узилишлар маҳаллий вақт билан соат тунги учларда бошланган.
Халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўтган жума куни Мьянма ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга ошириши эҳтимоли мавжудлиги ҳақидаги хабарни тарқатган эди. Бунга улар қуролли кучлар раҳбарияти билан ҳукумат ўртасида 8 ноябрда мамлакатда бўлиб ўтган сайловнинг қонунийлиги масаласида бир тўхтамга келмаётганини сабаб сифатида кўрсатган эди.
Саидмурод РАҲИМОВ,ЎзА