Музработда томорқа мактаби иш бошлайди
Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги Янги диёр маҳалласида томорқа ер майдонларидан юқори даромад олишга бел боғлаган деҳқонлар учун томорқачилик мактаби ташкил этилмоқда.
Замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва янги даромад манбаларини яратишга кўмаклашадиган мактабнинг лойиҳа қиймати 200 минг доллар бўлиб, битта мавсумда юз нафар тингловчини ўқитиш ва назарий-амалий кўникмаларини ошириш қувватига эга бўлади.
Туман маҳаллаларидан жалб этиладиган тингловчилар бу ерда тажрибали мутахассислардан замонавий томорқачилик технологияларини бевосита амалиётга боғлаб ўрганади. Иссиқхона хўжалигини юритиш, замонавий усулларда маҳсулот етиштириш, ҳосилдорликни ошириш ва томорқадан самарали даромад олиш юзасидан чуқур билим ва кўникмага эга бўлади.
Айни пайтда мактаб ҳудудида барпо этилган иссиқхонада гидропоника усулида қулупнай етиштириш учун ер майдони текисланиб, қулупнай етиштиришга мўлжалланган махсус устунлар ўрнатилди. Дастлабки қулупнай кўчатлари ўниб, илк ҳосил нишонларини кўрсатди.

Мутахассисларнинг фикрича, инновацион томорқачиликда гидропоника технологиясининг жорий этилиши ер майдонидан самарали фойдаланиб, сув ресурсларини тежаш, кичик ер майдонидан ҳам юқори ҳосил олиш, йил давомида сифатли, талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга қулай имконият яратади. Шунингдек, замонавий мактаб орқали илғор тажрибаларни маҳаллаларга кенг жорий этиш, томорқа эгаларига замонавий агротехнологияларни қўллаш амалиётини ўргатиш, хонадонларда қишлоқ хўжалигининг туманга мос даромадли турларини ривожлантириб, янги даромад манбаларини яратишга кўмаклашиш мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири