Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм аскар ва зобитлари Андижон вилояти тарихи ва маданияти музейида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини муносиб кутиб олиш, қолаверса, юрт ҳимоячилари қалбида ватанпарварлик, фидойилик, юртимиз тарихи ва қадим қадриятларига ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирдан ҳарбийлар катта таассуротлар олди.

Аскарлар 156 мингдан зиёд экспонатлар сақланаётган музейнинг турли бўлимлари, қўйилган экспонатлар билан яқиндан танишди.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Фарғона водийси ҳаётига тегишли эрамиздан аввалги палеолит, мезолит, неолит, энеолит, тош ҳамда бронза даврига оид ноёб тошлар, топилмалар, ганчкорлик, ҳайкалтарошлик ҳунарлари билан боғлиқ, шунингдек, кўплаб ноёб ёзма манбалар сақлаб келинаётган юртимиздаги бой экспонатларга эга музейлардан бири ҳисобланади.

– Нафақат мен, балки Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида бўлган барча аскарлар юртимиз, хусусан, Андижон тарихига оид жуда кўп маълумотларга эга бўлдик, – дейди катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Музейда сақланаётган, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар, ёзма манбалар бизга тарихимизни янада чуқурроқ англашга ёрдам берди.

Юртимиз улуғларидан бири “Тарихсиз, хотирасиз келажак йўқ, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги йўқ” деган эди.
Шу маънода музейга саёҳат чегарачиларга улкан маънавий озуқа берди, уларга юртимиз тарихи ҳақида кенг маълумотлар олиш имконини берди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари