Музейлар маънавият ва маърифат маскани
Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан Бухоро давлат университети ва Бухоро Муҳандислик технология институти академик лицейи талабалари “Музейлар ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейида ташкил этилган “Жасорат” ҳамда Бухоро давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейларида бўлишди.
“Жасорат” тарихий музейи 2021 йил октябрь ойида очилган. Бу маскан ўқувчи ёшлар, ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлари ҳамда вилоят аҳолиси ва меҳмонлари билан доимо гавжум.

Музейда Бухоро амирлиги даврида давлатчилик ва ҳарбий тартибларга оид экспонатлар, суратлар, XIX-XX асрларда Бухоро ҳунармандлари томонидан ишланган мис ва сопол идишлар, XVI-XX асрларда ишлаб чиқарилган ва фойдаланилган ўқотар қуроллар, фиқҳ илмига ва Бухоро тарихига оид китоблар мавжуд. Шунингдек, Бухоро милициясининг ташкил топишидан (1920 йиллар) бошлаб то мустақилликка эришилган давргача бўлган жанговар фаолияти, шунингдек Бухоро халқ милициясининг ташкил топишига оид тарихий ҳужжатлар, II жаҳон уруши даврида Бухоро милициясининг кўрсатган жасоратлари, Ўзбекистон Совет Социалистик республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги Ички Ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитетини Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига олиш тўғрисидаги ПФ 237-сон фармони, Ўзбекистон ССР Ички Ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлигига айлантирилиши тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги 270-сон қароридан кўчирмалар жойлаштирилган.

Бухоро давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида Бухоро амирлиги даври, жадидлар фаолияти, Бухоро халқ совет республикаси фаолиятлари ҳамда қатағон сиёсати қурбонлари ижодларидан намуналар ҳамда Мустақил Ўзбекистон экспонатлари жой олган.

– Умуман музейлар маънавият ва маърифат маскани ҳисобланиб, халқимиз маънавий-маърифий камолотида, ёшлар дунёқарашини ўстириш, бой меросимизни асраб-авайлаш, илмий асосда ўрганиш, тарғиб қилиш, миллий ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари Азиз Ҳакимов. – Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда мана шундай тадбирларнинг ўрни беқиёс.
Зариф Комилов, ЎзА