Музейлар ишига замонавий ёндашув
Миллий маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, музейлар фондини бойитиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, электрон каталог тизимини яратиш йўлида муҳим ишлар қилинмоқда.
Миллий маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, музейлар фондини бойитиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, электрон каталог тизимини яратиш йўлида муҳим ишлар қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бу йўналишда бир қатор ишларни тизимли амалга оширмоқда. Жумладан, жамғарма томонидан мамлакатимизнинг тўртта – Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Ойбек уй-музейи ва Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида синов тариқасида электрон каталог тизими жорий қилинди.
Тизим икки босқичда жорий этилади. Биринчи босқич фақат музей ходимлари учун мўлжалланган ички электрон каталог тизимидир. Ушбу электрон каталог музейнинг ички ҳисоботларини бошқаришга ва махсус дастур орқали музей экспонатлари бўйича ҳужжатлар тузишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондининг электрон каталог тизимини жорий этиш Museum Plus дастурий таъминоти ёрдамида амалга оширилади. Ушбу дастурни 1998 йил Берн шаҳрида фаолият бошлаган "Zetcom" компанияси (Швейцария) мутахассислари ишлаб чиққан. Ушбу компания Берлин, Париж ва Барселона шаҳарларида ўз филиалларига эга, Сингапур ва Афинада ҳамкорлик офислари бор. Museum Plus платформасидан Лувр музейи, Нью-Йорк шаҳри музейи, Шимолий-ғарбий маданият ва санъат музейи каби кўплаб машҳур музейлар ҳам кенг фойдаланади.
Мутахассисларга мазкур дастурдан фойдаланишни ўргатиш мақсадида "Zetcom" компанияси ходимлари тренинглар ўтказди. Машғулотлар давомида тингловчиларга Museum Plus платформаси билан ишлаш ўргатилди. Шунингдек, мазкур дастурнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Тайёргарлик тадбирлари якунида юқорида номи тилга олинган музейлар ходимлари электрон каталог тизимини яратиш бўйича ишлар олиб борди. Ҳозирда Museum Plus тизимидан фойдаланиш ишлари бошлаб юборилган.
Иккинчи босқичда ташқи виртуал галерея – музейларнинг каталоглари жойлашган сайтни яратиш режалаштирилган. Мазкур сайт барча интернет фойдаланувчилари учун очиқ бўлиб, унда экспонатларни юқори сифатда томоша қилиш, шунингдек, ҳар бир музейнинг асосий экспозициясидаги экспонатларнинг таърифи ва тарихи билан танишиш имкони бўлади.