Мухлислар “Бухоро” жамоасига ишонч билдирди
Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида 2022 йилги футбол мавсумида “Бухоро” жамоасида тўп сурадиган футболчиларни таништирув маросими бўлиб ўтди. Унда сектор раҳбарлари, жамоа аъзолари, мухлислар қатнашди.
Тадбирда жамоанинг ўтган йилги мавсумда кўрсатган ўйини, жамоа эгаллаган ўриндан мухлислар ҳам, мутасаддилар ҳам қониқмагани, юзага келган муаммолар ҳозирда тўлиқ бартараф этилгани айтилди. Бу йил жамоа олдига қўйилган вазифалар ҳақида сўз бораркан, “Бухоро” жорий мавсумда Про-лига баҳсларида муносиб иштирок этгани, юқори лига йўлланмасини қўлга киритиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, жамоага тажрибали мураббий Ҳаким Фузайлов, шунингдек, қатор маҳаллий маҳоратли футболчилар таклиф қилингани қайд этилди. Жамоа мухлисларни чиройли ўйинлар ва ғалабалар билан хурсанд қилишига ишонч билдирилди. Қолаверса, яқин кунларда Бухоро спорт мажмуаси майдони белгиланган стандартлар бўйича таъмирлаш ишлари ниҳоясига етиши ва футбол мухлислари севимли жамоаларининг уй учрашувларини ўйингоҳ трибунасидан туриб қўллаб-қувватлашлари учун шароит яратилаётгани эътироф этилди.
[gallery-6110]
Таъкидлаш лозим, “Бухоро” жамоаси таркибига мавсум оралиғида Дмитро Сидоренко, Ризван Абдилатаров, Хуршид Олимов, Никола Стошич, Обид Жўрабоев, Жасур Хасанов, Жамолиддин Убайдуллаев, Сардор Эминов, Рузимбой Аҳмедов, Собит Синдаров, Олег Марчук каби футболчилар келиб қўшилди.
Тақдимотда ушбу футболчиларга жамоа либослари тантанали тарзда топширилди. Маълумот ўрнида, “Бухоро” жамоаси жорий мавсумни Муборакнинг “Машъал” жамоасига қарши бошлади. Самарқанддаги “Динамо” стадионида кечган баҳсда дуранг натижа қайд этилди. 2:2. Кейинги турда Ҳаким Фузайлов шогирдлари Ғузорда “Шўртан” жамоаси билан курашади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА