Муваффақиятли тарбиянинг сири — ўқувчига ҳурматда (+видео)
Дунёда инсонлар турли касбларда фаолият олиб боради. Аммо, мана шу касблар ичида шундай бир касб борки, у ҳам шарафли, ҳам масъулиятлилиги билан ажралиб туради. Бу ўқитувчилик ва мураббийлик касбидир.
Бугун нафақат ўқувчининг эртанги ҳаёти, истиқболи, балки юртнинг келажаги ҳам мана шу устозлар зиммасига юкланган. Шу боис, бу соҳа вакилларига нисбатан “Инсон руҳининг инженери” ибораси ишлатилади. Бу бежизга эмас, албатта. Ўз шогирдларида меҳнатдан завқланиш хислатларини уйғота билган муаллим шарафларга лойиқ.
Юртимизда мана шундай шарафга лойиқ бўлган, ўз ортидан муносиб шогирдларни етиштириб чиқараётган устозлар жуда кўп. Юнусобод туманидаги 17-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ана шундай устозларнинг меҳнатлари сабаб кўплаб шогирдлар бугун илм маёғини ёқиб келишмоқда.
Мактаб директори Гулноза Мирбобоеванинг таъкидлашича, ушбу мактабда 100 нафар педагог ходим 1779 нафар ўқувчига таълим бериб келади. Мазкур мактаб ўқитувчилар тоифаси бўйича шаҳарда биринчи ўринда туради. Бу ерда асосан таълимга ижодкорлик билан ёндашадиган, тажрибали устозлар ишлайди. Мактаб ўзбек ҳамда рус тилларига ихтисослаштирилган. Ўзбек тили билан бирга хорижий тилларни чуқур ўрганиб, юқори натижаларни қўлга киритаётган ўқувчилар билан устозлари фахрланади.
2023-2024 ўқув йилида 41 нафар ўқувчи IELTS сертификатига эга бўлди.
— Яқинда инглиз тилидан билим даражасини аниқлаш имтиҳонидан муваффақиятли ўтиб, B2 даражасига эга бўлдим, — дейди 8-синф ўқувчиси Ойшабону Сайфиддинова. — Бундай натижага мен ота-онамнинг қўллаб-қувватлови, устозларим берган билим туфайли эришдим. Ҳар бир тилни ўрганишда ўзига яраша машаққатлари бўлади. Аммо ўз олдига қатъий мақсад қўйган инсон албатта унга етишиш учун ҳаракат қилиши керак. Янги Ўзбекистонга кўпгина тилларни биладиган, замонавий билимга эга бўлган ёшлар жуда керак. Ҳар бир тенгдошларим ўзлари қизиққан соҳани мукаммал эгаллаб, ютуқларни қўлга киритса, Ўзбекистонимиз ривожига ҳисса қўшган бўлади.
Она-тили ва адабиёт ўқитувчиси Феруза Умрзоқова ушбу мактабда 30 йилдан буён ишлаб келади. XXI асрда ўқитувчи бўлиш осонми, деган саволга Феруза Умрзоқова шундай жавоб берди:
— Бугунги кунда ўқитувчи бўлиш жудаям қийин. Чунки болалар ахборот технологияларидан унумли фойдаланишяпти. Уларнинг саволларига жавоб топиш учун ўқитувчи тинмай интилиши, изланиши ва албатта замонавий техника воситаларидан унумли фойдаланишни билиши керак.
Ростини айтсам, мен юрган йўлимда эртанги дарсим қандай ўтишини ўйлаб юраман. Турли интерфаол усуллардан, методикалардан фойдаланиб дарс ўтишни режалаштираман.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/2HnWPQq-MLY" title="Muvaffaqiyatli tarbiyaning siri — oʻquvchiga hurmatda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Биласизми, ҳозирги болаларга энг аввало меҳр бериш керак. Чунки болаларга меҳр бермасангиз, улар сизни яхши кўришмайди, ҳурмат қилишмайди. Агар ўқувчи ўқитувчисини яхши кўрмаса, бу фожеа. Мен устоз билан ўқувчи орасидаги муносабат жуда ҳам чиройли бўлиши керак, деб ўйлайман. Ўқувчига қанча яқин бўлсангиз, унга меҳр берсангиз, у ҳам меҳрингизни қадрлайди.
Буюкларимиз, “Муваффақиятли тарбиянинг сири — ўқувчига ҳурматда”, деб бежиз айтишмаган. Шундай экан муваффақиятга эришишни истаган ҳар қандай педагог ўз шогирдлари орасида ишонч қозонмоғи шарт.
Н.Раҳмонова,
А.Алижонов (видео), ЎзА