Мутахассис: Коронавирус тузаладиган касаллик, аммо...
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коронавирусга қарши кураши штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида ташкил этилган брифингда коронавирус инфекцияси, вирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида маълумот берилди.
Мутахассиснинг фикрича, коронавирус тузаладиган касаллик бўлиб, инфекция билан зарарланиш бу бутун ҳаёти давомида вирус ташувчиси бўлиб қолади, дегани эмас. COVID-19 юқтириб олган инсонларнинг кўпчилиги тузалиб, вирус организмдан чиқиб кетади. Инсон симптомлар пайдо бўлгандан 10 кун давомида инфекция ташувчиси бўлади (агар белгилар бўлса), бу инфекция юққандан тахминан 2 ҳафтани ташкил этади.
Биринчи симптомлар пайдо бўлган кундан энг камида 10 кун ва тузалгандан кейин яна 3 кун ўтиши керак. Махсус туғруқ муассасасида даволаниб чиққан ҳомиладор аёл ҳам муолажадан сўнг шифокорлар тавсияси билан соғлом ҳисобланади ва касалликдан сўнг махсус туғруқхонага эмас, ўз яшаш ҳудудига тегишли туғруқхонага бориши бошқалар учун хавф туғдирмайди.
Табиий гиёҳлар коронавирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин, лекин бир ўзи монотерапия сифатида ёрдам бермайди. Махсус даво курсларини тўлиқ қабул қилиб бўлгач, кейинчалик профилактика мақсадида шифокор тавсияси асосида табиий гиёҳлар ичса бўлади.
Қандли диабети бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади. Сабаби шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Агар қандли диабети бор бемор қонида глюкоза кўп бўлса, коронавирус ушбу беморларда оғир кечади. Сабаби касалликда кузатиладиган «ситокинлар ҳужуми» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган қандли диабети бор инсонларда коронавирус оғир кечади.
Бу беморларда коронавирус касаллигига хос бирон клиник белгилар сезилса, дарҳол худудий шифокорларга мурожаат этиши шарт. Улар уй шароитида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланиши маън этилади. Чунки уларда тезда пневмония ривожланиши ва унинг оғир кечиши кузатилиши мумкин. Бу беморлар коронавирусдан даволаниш билан бирга, диабетни ҳам даволашда давом этишлари лозим. Сабаби коронавирус жараёнида қанд миқдори ошиб кетса, бу оғир асоратларга олиб келади.
Коронавирус ҳаво-томчи ва мулоқот орқали тарқалиши мумкин. Касалликнинг маҳсулотлар орқали юқиши борасида мутахассислар бир тўхтамга келишмаган, лекин бу эҳтимолни истисно этмайди.
Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча, сергакликка чорлаши керак. Чунки энди уйда, ишда, кўчада, бозорда бошқа одамлар билан кўпроқ юзма-юз бўлади. Коронавирус инфекцияси эса ўта контагиозлиги билан хавфли. У жуда тез тарқалади ва агрессив. Дунё бўйлаб кундан кунга касалланган ва вафот этганлар сони ортиб бормоқда.
Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавируснинг олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда. Бундан кейин хар бир инсон пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганиши, унга мослашиши керак.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА