Мустақилликни мадҳ этган авлод
Термиз шаҳридаги Саньат саройида Термиз давлат университети талаба-ёшлари “Истиқлолни куйлаган авлод”, деб номланган ҳисобот концертини намойиш этди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган тадбирда университет ректори А.Марахимов истиқлол шарофати билан ёшлар ҳаётида юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, истеьдодли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.



Сўнгги йилларда таьлим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг, беш муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳияти ва талабаларга яратилаётган замонавий шароитлар, иқтидорли, истеьдодли талабаларни муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган юксак эьтибор хусусида фикр алмашди.
Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган дастурда Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таьлим муассасасининг “Хор” жамоаси, “Сурхон саболари” рақс ансамбли, “Мақомчилар ансамбли”, “Савти Сурхон” оркестри, “Жайхун” этнографик халқ ансамбли ва “Доирачилар” ансамбллари жонли ижрода мустақиллик, Ватан, обод ҳаёт, дўстлик, бахтиёр ёшлик ва севги муҳаббат тараннум этилган куй-қўшиқ ва дилрабо рақслари билан саньат муҳлисларини хушнуд этди. Шунингдек, саньат билан дўст тутинган истеьдодли талабаларнинг чиқишлари ҳам барчага манзур бўлди.
Тадбир доирасида талаба-ёшларнинг тасвирий саньат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.



Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА