Мустақилликка муносиб туҳфа
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида мактабгача таълим инфратузилмасини янада ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди. Бекат маҳалласида барча замонавий талабларга жавоб берадиган 180 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим муассасаларини замонавий қиёфага келтириш ва болалар учун муносиб таълим-тарбия муҳитини яратишга қаратилган сиёсати доирасида барпо этилган мазкур муассаса Президентнинг тегишли қарори асосида қурилди. Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Аввал мазкур ҳудудда 90 ўринли, узоқ йиллар давомида фойдаланилгани сабабли таъмирталаб ҳолатга келган 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг биноси фаолият юритган эди. Янги бинода муассасанинг қуввати икки баробарга оширилиб, 180 ўринга етказилди. Бу эса маҳалладаги янада кўпроқ болани мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини яратди.

Икки қаватли замонавий бинода болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Муассаса кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, шинам ётоқхоналар, замонавий ошхона, мусиқа ва спорт машғулотлари хоналари, шунингдек, ободонлаштирилган ҳовли ҳамда болалар майдончалари билан жиҳозланган.

Қурилиш-монтаж ишлари "Сирдарё Барака Қурилиш" МЧЖ томонидан белгиланган муддатларда ва сифат талаблари асосида бажарилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари ҳам яратилди ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшилди.


Тантанали очилиш маросимида Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирок этиб, янги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан маҳалла аҳлини табриклади. Шунингднек, у ўз сўзида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун муносиб шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Мазкур замонавий таълим муассасасининг ишга туширилиши Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Боёвут тумани аҳолиси, айниқса, болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун қутлуғ туҳфа бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири