Мустақиллик ва ўзбек шахматининг шонли йўли
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида устоз ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Шуҳрат» медали соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асрор Мўминнинг «Ўзбекистон шоҳмоти: кеча, бугун, эртага!» номли китоби нашрдан чиқди.
Зеҳниятни чархлаш, инсон тафаккурини юксалтиришда шахматнинг ўрни беқиёс. Мустақиллик йилларида спортнинг ушбу турини ривожлантириш, уни оммалаштириш ва ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этиш борасида қатор эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шахматни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида эътироф этилишида, халқимиз, айниқса, шахматга қизиқувчи ёшлар сафининг тобора кенгайишида яққол намоён бўлмоқда. Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шахмат равнақига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий натижаларидир.
Таниқли журналист ва таржимон Асрор Мўминнинг «Ўзбекистон шоҳмоти: кеча, бугун, эртага!» номли китоби шахмат тарихи, унинг ривожланиш босқичлари ҳамда мамлакатимизда ушбу спорт турининг тараққиёт йўли ҳақида ҳикоя қилиши билан эътиборга молик.
Китобнинг муқовасига назар ташлаганингиздаёқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров ва 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпионларининг суратларини кўриб, қалбингиз фахр-ифтихорга тўлади. Улар мустақиллик берган имкониятлар ва юртимизда шахматни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, оламшумул ғалабаларга эришди.
Ахир, мустақилликка қадар бирорта ўзбек шахматчиси на жаҳон чемпионатида, на Жаҳон кубогида, на Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида муносиб натижа кўрсата олган эди. Бугунги буюк ғалабалар эса, шубҳасиз, юртимизда яратилган имкониятлар самарасидир.
Муқованинг орқа томонида Ислом цивилизацияси марказидаги «Амир Темур шахмати бўлими», Ҳазрат Алишер Навоий ва севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг суратлари ҳам китоб мазмунига алоҳида руҳ бағишлайди. Уларнинг шатранж ва шахмат ҳақидаги дилбар шеърлари китобхон эътиборини тортади.
Китобни варақлар экансиз, юртимиз ҳудудида шатранж икки минг йиллар муқаддам оммалашганини тасдиқловчи археологик топилмалар суратларини кўриш, алломаларимиз асарларида шатранж ҳақида маълумотлар келтирилганидан хабардор бўлиш мумкин.
Минг йиллар муқаддам Абу Бакр ас-Сулий каби шатранж усталари бу ўйиннинг Мовароуннаҳр заминида ривожланишига катта ҳисса қўшган. Византиядан келиб, юртимизда Ал-Адлий номи билан шуҳрат қозонган IX аср шатранж устаси ҳам бу ўйиннинг такомиллашувига муносиб ҳисса қўшган. Унинг қайд этишича, юртимизда шатранждаги шашхол қоидасидан воз кечилган. Илгариги қоидага кўра, юриш шашхолда тушган холлар сонига қараб белгиланган бўлиб, бу инсон тафаккурини маълум даражада чеклаган. Мазкур ўзгариш эса шатранж тараққиётида муҳим аҳамият касб этган.

Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд шатранж марказларидан бирига айланган. У кучли шатранжчиларни Самарқандга таклиф этган, шатранж мусобақалари ўтказиб турган. Соҳибқироннинг ўзи ҳам шахматга қизиққан ва оддий шатранж билан чекланмай, мураккаб саналадиган шатранжи кабирда ҳам дона сурган.
Ҳазрат Алишер Навоий ҳам мунтазам равишда шатранж мажлислари ўтказиб турганлар. Бу анъана XX аср бошларида Абдурауф Фитрат томонидан давом эттирилди. Кейинчалик юртимизда шахмат мажлислари академик Ёлқин Тўрақулов ва шоиримиз Эркин Воҳидов томонидан қайта тикланди.
1924 йил Парижда Халқаро шахмат федерацияси — FIDE ташкил этилди. Шундан сўнг республикамизда шахматнинг халқаро миқёсда қабул қилинган қоидаларини тарғиб қилиш ва ушбу спорт турини ривожлантиришга янада катта эътибор қаратилди. Бу хайрли ишда Азмиддин Хўжаев, Улуғбек Элбеков, Мамажон Муҳиддинов каби фидойиларимиз жонбозлик кўрсатди.
Айнан ана шу фидойиларнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, 1992 йили Ўзбекистоннинг шахмат терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иккинчи ўринни эгаллади. 2004 йили эса Рустам Қосимжонов жаҳон чемпиони бўлди. Бу ғалабалар юртимизда шахматчиларнинг олтин авлодини тарбиялашга катта туртки берди. Ушбу авлод вакилларидан руҳланган ўсмир шахматчиларимиз 2018 йили Бутунжаҳон ўсмирлар олимпиадасида зафар қучди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил қабул қилган «Шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳанинг янада тараққий этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
2022 йили юртимиз терма жамоаси Ченнай шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. 2025 йил Жавоҳир Синдоров Жаҳон кубогида ғолиб бўлди. 2026 йил бошида эса у шахмат тожи даъвогарлари мусобақасида зафар қучиб, жаҳон чемпиони унвони учун баҳслашиш имкониятини қўлга киритди.
Асрор Мўминнинг мазкур китобида шахматимиз тарихи, соҳа фидойиларининг фаолияти, шахматчиларимизнинг шонли ғалабаларига бағишланган мақолалар ҳамда ноёб суратлар жамланган. Улар орқали Ўзбекистон шахматининг кечаги тарихи, бугунги юксалиши ва эртанги истиқболини яққол тасаввур этиш мумкин.
«Ўзбекистон шоҳмоти: кеча, бугун, эртага!» китобининг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси арафасида нашр этилгани шахмат ихлосмандлари учун ўзига хос муносиб туҳфа бўлди.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА