Шу кунларда Ўзбекистонимизнинг энг улуғ ва азиз байрами, Давлатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” умуммиллий бирдамлик фестивали доирасидаги тадбирлар жойларда кенг нишонланяпти. Хусусан Тошкент вилояти туман-шаҳарларида ҳам аҳоли учун байрам тадбирлари, халқ сайиллари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида ҳам мустақиллик шодиёналари эсда қоларли бўлди. Бу ерда ҳудуд фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, нуронийлар ва минглаб аҳоли учун оммавий сайлга айланиб кетган майдонга жам бўлди.
Дастлаб туман ҳокими Ихтиёр Қосимов сўзга чиқиб, барчани ушбу қутлуғ айём билан табриклади. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизнинг барча жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Таъкидланганидек, бу йил туманда 27 километрдан зиёд ички йўллар таъмирланди, 7,5 километрга яқин тоза ичимлик суви қувурлари тортилди. Инвестиция лойиҳалари доирасида 1 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим муассасаси замонавий кўринишда қайта реконструкция қилинди, халқимизнинг дуогўйлари бўлган муҳтарам нуронийлар учун туман марказида замонавий янги “Нуронийлар маскани” қурилиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилди.
[gallery-25065]
— Буларнинг барчаси халқимизга муносиб хизмат қилиш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлардир, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими И. Қосимов. —Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириқлари асосида 858 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, улар ўз тадбиркорлигини бошладилар. Улар нафақат ўзлари учун, балки бошқалар учун ҳам янги иш ўринлари яратиб, жамиятимизнинг тиргагига айланмоқда. Айни пайтда туманимизда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда 71,1 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар асосида замонавий саноат корхоналари, қайта ишлаш марказлари ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш кластерлари ташкил этилаётир. Маҳаллий тадбиркорларимиз ҳам улкан ишларни амалга оширмоқда. Бунинг ортидан юзлаб, минглаб иш ўринлари яратилаяпти. Бу ислоҳотлар, бу тараққиёт нафақат иқтисодиётимиз, балки халқимизнинг ҳаётга бўлган ишончини янада оширади.
Тантанали байрамнинг бадиий қисми Ўзбекистон давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг иқтидорли ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, эстрада хонандалари ижросидаги катта гала концерт дастурига намойиш этилди. Шу куни барчанинг юзларида табассум ва қувонч акс этди.
Ҳудудларда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шоири остидаги тадбирлар давом этмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов,ЎзА. (сурат)