Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа: Катта Қўштепада янги қиёфа
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Катта Қўштепа маҳалласида сўнгги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.
Бугун маҳалла аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик санасини янги ўзгаришлар, яратилган қулайликлар ва эзгу ниятлар билан қарши олмоқда.
Катта Қўштепа аҳолиси 2021 йилдан буён “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида олти марта фаол иштирок этган. Бу ташаббуслар натижасида қарийб 10 та ички йўл асфальтланиб, электр таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар бартараф этилди.
Маҳаллада 1 километрлик саломатлик ва 5 километрлик хавфсиз пиёдалар йўлаклари ташкил этилди. Шунингдек, эҳтиёжманд 3 та оила учун янги уй-жойлар қуриб берилди. Мазкур ишлар маҳаллий тадбиркорларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда маҳалланинг ер ва мол-мулк солиғидан шаклланган маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
[gallery-30815]
Инвестиция дастури доирасида ажратилган 18,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 20-умумтаълим мактаби учун 600 ўринли, 4 қаватли янги ўқув биноси барпо этилди. Шу билан бирга, 40 йил аввал қурилган мавжуд бинолар ҳам мукаммал таъмирланди.
— Бугун мактабимизда 1 минг 535 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улар учун замонавий синф ва лаборатория хоналари, спорт зали, стадион, мини-футбол ҳамда воркаут майдонлари ташкил этилди. Бино замонавий иситиш ва совитиш тизимлари билан жиҳозланди, ҳудуд ободонлаштирилиб, яшил майдонлар ва гулзорлар барпо этилди, - дейди мактаб директори Дилмурод Матмусаев.
Маҳалладаги 12-давлат мактабгача таълим муассасаси учун ҳам янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлган икки қаватли иншоот 150 нафар болага мўлжалланган.
Муассасада болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар яратилган. Машғулот хоналари, ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа ва спорт заллари замонавий талаблар асосида жиҳозланган.
— Биз бундай шароитларни йиллар давомида орзу қилиб келганмиз. Кейинги йилларда маҳалламизда амалга оширилаётган ўзгаришлардан жуда мамнунмиз, - дейди меҳнат фахрийси Қўчқорали Қўшоқбоев.
Бугун Катта Қўштепа маҳалласида 1 минг 165 та оилада қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда хизмат кўрсатиш ва чорвачилик асосий иқтисодий йўналишлар сифатида белгиланган.
Маҳалладаги бунёдкорлик ишлари нафақат ҳудуд қиёфасини янгиламоқда, балки аҳолининг турмуш шароити ва фаоллигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда тадбиркорликни ривожлантириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА