Мустақиллик байрами обод маҳаллада нишонланади
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар Бухоро шаҳри “Хўжамушкин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли муаммоларини кўчама-кўча, уйма-уй юриб ўрганиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бухоро шаҳридаги 60-сонли маҳалла фуқаролар йиғинига “Хўжамушкин” номи берилган. Ҳудудда 3 минг 300 нафар аҳоли яшайди. Умумий майдони 180 минг 896 квадрат метр бўлиб, аҳоли асосан 23 та кўп қаватли турар жойда яшайди.

– Кейинги бир йилда маҳалламизда улкан ободонлаштириш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди, – дейди “Хўжамушкин” МФЙ раиси Аслон Муҳаммадиев. – Аввало, таъмирталаб бўлган Алпомиш кўчаси қайта таъмирланиб, асфальтлаштирилди. Маҳалла остонасига рамзий дарвоза номлавҳа битилган баннер ўрнатилди. Мавжуд 23 та кўп қаватли турар жойнинг фасад қисми қайта таъмирланди. Барча йўл ва йўлаклар бетонлаштирилди. Уйларнинг атрофи ободонлаштирилди. Темир эшиклар, уларга электрон кодланган қулфлар ўрнатилди.
Алпомиш кўчаси 13-уй олдида янги кўп каватли уй қурилиб, унинг биринчи қаватида аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда дорихона, озиқ-овқат дўкони, кўнгилочар фаввора қурилди. Кўчанинг кўп қаватли уйлари олдида 6 та янги болалар ўйин майдончалари, алоҳида волейбол майдони қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, тадбиркорлардан бири Назир Муқимов ташаббуси билан ҳудуддаги 13/3-уй олдида озиқ-овқат дўкони барпо қилинди. Натижада 2 киши иш билан таъминланди. Кўп қаватли турар жойлар ораларидаги темир гаражлар олинди. Ўрнида савдо дўкони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирда унда 5 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бундан ташқари, 9-уй олдида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо қилинди. Фуқаролар мурожаатига кўра, стоматология хизмати ҳам йўлга қўйилди.

Амалга оширилган ишлар қаторида ҳудуддаги 30-умумтаълим мактабига борадиган йўлнинг 500 метри асфальтлаштирилди. Унинг ёнида пиёдалар йўлаги қурилди. Ҳудуддаги “Умар ибн Ҳаттоб” жомеъ масжидининг 5 сотих ер майдони ободонлаштирилди. Атрофи гулзорлаштирилиб, масжидга келадиганлар учун автотураргоҳ барпо қилинди. Уйлар олдидаги гулзорларни суғориш мақсадида 12 та сув насоси ўрнатилди. Шу кеча-кундузда маҳалла кўчаларида тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда.
Вилоят мутасаддилари маҳаллада тадбиркор Маҳмуд Эргашев томонидан барпо этилган замонавий “Нон-батон инвест” МЧЖ савдо дўконининг очилиш маросимида ҳам қатнашди. Таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуа ташландиқ ҳолда ётган 3 сотих ер майдонида қурилган. Айни пайтда бу ерда 20 нафар ишчи-мутахассис томонидан 15 хилдаги нон ва нон маҳсулотлари тайёрланади. Мутасаддилар цехда яратилган шароит билан танишди. Маҳаллада айни кунда 55 нафар фуқаро “Темир”, 162 нафари “Аёллар” дафтаридан чиқарилган. Яқинда уларнинг 8 нафарига ўз мурожаатларига кўра замонавий тикув машинаси, яна ўнга яқин йигитга “больгарка” ускунаси берилди. Бу эса уларнинг ўз-ўзини банд қилиш ва даромад топиш имконини беради. Ҳозирда 13 нафар эҳтиёжманд оила аъзолари ҳайдовчилик курсида бепул ўқитилмоқда.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар “Тўқимачи”, “Фошун”, “Варахша”, “Зарафшон” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги инфратузилма ва аҳоли муаммоларини ўрганди. Муаммоларни тизимли ҳал этиш, ҳудудни шаҳарсозлик қоида ва меъёрларига мос ободонлаштириш юзасидан масъул мутасаддиларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА